Ўзбекистон Иқтисод Молия Технологиялар Маданият Спорт Туризм Дунё Media OutReach Newswire
Спорт

Канада терма жамоаси футбол бўйича жаҳон чемпионати 1/8 финалига чиққан илк иштирокчи бўлди

UzDaily таҳририяти · 29.06.2026 · 15:43 · 22 views
Канада терма жамоаси футбол бўйича жаҳон чемпионати 1/8 финалига чиққан илк иштирокчи бўлди

Канада терма жамоаси футбол бўйича жаҳон чемпионати 1/8 финалига чиққан илк иштирокчи бўлди

Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Канада миллий футбол терма жамоаси жаҳон чемпионати 1/16 финал босқичида Жанубий Африка Республикаси устидан минимал ҳисобда ғалаба қозонди. Лос-Анжелес шаҳрида бўлиб ўтган учрашув 1:0 ҳисобида якунланди. Ушбу муваффақият канадалик футболчиларга плей-оффнинг кейинги босқичига чиққан илк жамоа мақомини тақдим этди.

Асосий вақт давомида томошабинлар гол кўришмади. Учрашув тақдири эса қўшимча вақтнинг сўнгги дақиқаларида ҳал бўлди. Иккинчи бўлимга қўшиб берилган вақтнинг 90+2-дақиқасида ярим ҳимоячи Стивен Эуштакиу аниқ зарба билан ҳисобни очди ва жамоасига ғалаба келтирди.

Канадаликлар учун яна бир муҳим воқеа жамоа сардори Альфонсо Дэвиснинг сафга қайтиши бўлди. Германиянинг «Бавария» клуби ҳимоячиси жароҳат туфайли аввалги ўйинларни ўтказиб юборган эди. У турнирдаги илк баҳсида 75-дақиқада захирадан майдонга туширилди.

Ҳар икки жамоа ҳам мазкур мундиалда тарихий натижага эришди. Чунки бунга қадар на ЖАР, на Канада терма жамоалари жаҳон чемпионатларининг плей-офф босқичига чиққан эди. Гуруҳ босқичи якунларига кўра, шимолий америкаликлар B гуруҳида иккинчи ўринни эгаллаган бўлса, жанубий африкаликлар ҳам A гуруҳида худди шундай натижа қайд этди.

ЖАР терма жамоасининг 74 ёшли белгиялик бош мураббийи Хуго Брос жаҳон чемпионатлари тарихида плей-офф ўйинида жамоани бошқарган энг ёши катта мутахассис сифатида рекорд ўрнатди. Аввалги натижа 2018 йилда Уругвай терма жамоасини 71 ёшида бошқарган Оскар Табаресга тегишли эди.

Шунингдек, Канада терма жамоаси яна бир ўзига хос натижага эришди. У мундиал мезбонлари орасида ўз плей-офф учрашувини мамлакат ҳудудидан ташқарида ўтказган биринчи давлатга айланди.

Энди 1/8 финалда Канада Нидерландия ва Марокаш ўртасидаги баҳс ғолиби билан куч синашади. Канадаликлар иштирокидаги мазкур учрашув 4 июль куни Хьюстон шаҳрида бўлиб ўтади.

Эслатиб ўтамиз, 2026 йилги футбол бўйича жаҳон чемпионатига АҚШ, Канада ва Мексика мезбонлик қилмоқда. Амалдаги жаҳон чемпиони Аргентина ҳисобланади, финал баҳси эса 19 июль куни ўтказилади.