Ўзбекистон Иқтисод Молия Технологиялар Маданият Спорт Туризм Дунё Media OutReach Newswire
Иқтисод

Жамшид Қўчқоров ва Антонелла Бассани DPO ва FINGROW ислоҳот дастурларини муҳокама қилишди

UzDaily таҳририяти · 29.06.2026 · 23:50 · 20 views
Жамшид Қўчқоров ва Антонелла Бассани DPO ва FINGROW ислоҳот дастурларини муҳокама қилишди

Жамшид Қўчқоров ва Антонелла Бассани DPO ва FINGROW ислоҳот дастурларини муҳокама қилишди

Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Жорий йилнинг 29 июнь куни Жаҳон банкининг Европа ва Марказий Осиё бўйича вице-президенти Антонелла Бассани ҳамда Ўзбекистон Республикаси Бош вазири ўринбосари – Иқтисодиёт ва молия вазири Жамшид Қўчқоров ўртасида учрашув бўлиб ўтди.

Учрашувда Жаҳон банки гуруҳи Ижрочи директори Беатрис Мазер, Жаҳон банкининг Марказий Осиё бўйича минтақавий директори Нажи Бенҳассин, Иқтисодиёт ва молия вазирининг биринчи ўринбосари Илҳом Норқулов ҳамда бошқа масъул вакиллар иштирок этди.

Мулоқот давомида томонлар ўзаро ҳамкорликнинг бугунги ҳолати, биргаликда амалга оширилаётган лойиҳалар самарадорлиги ҳамда истиқболдаги устувор йўналишлар юзасидан муҳокамалар олиб борди. 

Хусусан, томонлар мамлакатда олиб борилаётган иқтисодий ислоҳотларни изчил давом эттириш, институционал салоҳиятни мустаҳкамлаш, хусусий сектор фаоллигини ошириш ва барқарор иқтисодий ўсиш омилларини кенгайтириш масалаларига алоҳида эътибор қаратди.

Жумладан, DPO (Development Policy Operation) дастури доирасидаги ҳамкорлик, иқтисодий ислоҳотларни қўллаб-қувватлаш, макроиқтисодий барқарорликни мустаҳкамлаш масалалари юзасидан фикр алмашилди.

Учрашувда хусусий секторни ривожлантириш, хусусий капитални жалб қилиш ҳамда бизнес субъектларининг молиялаштириш манбаларига кириш имкониятларини кенгайтириш масалаларига алоҳида эътибор қаратилди. Шу нуқтаи назардан, FINGROW лойиҳаси доирасида кичик ва ўрта бизнесни қўллаб-қувватлаш, янги иш ўринлари яратиш ва инвестициявий фаолликни ошириш бўйича ҳамкорлик истиқболлари кўриб чиқилди. 

Мулоқотда янги иқтисодиётни ривожлантириш, инновацияларни қўллаб-қувватлаш, юқори қўшилган қийматга эга тармоқларни кенгайтириш ҳамда инсон капиталини ривожлантириш масалалари ҳам муҳокама қилинди. 

Шунингдек, ҳудудларни барқарор ижтимоий-иқтисодий ривожлантиришга қаратилган мастер-режалар, инфратузилма ва ижтимоий соҳаларда давлат-хусусий шериклик (ДХШ) лойиҳаларини кенгайтириш, хусусийлаштириш жараёнлари, давлат активларини самарали бошқариш ҳамда иқтисодиётда хусусий сектор улушини ошириш масалалари кўриб чиқилди.

Учрашувда меҳмонлар томонидан Ўзбекистоннинг халқаро суверен рейтинглардаги кўрсаткичлари яхшиланиб бораётгани, жумладан, Фитч ва Моодйъс томонидан қайд этилган ижобий ўзгаришлар алоҳида эътироф этилди. Ушбу натижалар Президент Шавкат Мирзиёев раҳбарлигида амалга оширилаётган изчил иқтисодий ислоҳотлар, макроиқтисодий барқарорликни мустаҳкамлаш ва инвестиция муҳитини яхшилаш борасидаги тизимли чора-тадбирлар самараси эканлиги алоҳида таъкидланди.

Учрашув якунида томонлар ўзаро ҳамкорликни янада кенгайтириш, амалдаги лойиҳаларни самарали амалга ошириш ҳамда янги ташаббуслар бўйича мулоқотни давом эттиришга келишиб олди.