Жаҳон кубоги: Ўзбекистонлик боксчилар бешта олтин медални қўлга киритишди
Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — 31 мартдан 5 апрелгача Бразилиянинг Фос-ду-Игуасу шаҳрида бўлиб ўтган World Boxing ташкилоти Жаҳон кубоги мусобақаси якунланди. Бугун мусобақанинг финал жанглари ўтказилиб, Ўзбекистон терма жамоаси яна бир бор ўзининг кучли ва натижадор ўйинини намойиш этди.
Бош мураббий Тулкин Қиличев раҳбарлигидаги эркаклар миллий терма жамоаси жуда яхши натижаларга эришди: 7 нафар боксчимиз финалга чиқди ва шундан 5 нафари олтин медалга сазовор бўлди. Яна икки боксчимизга эса ғалаба учун озгина етишмади.
Ўзбекистонлик боксчилар 10 та вазн тоифасидан 8 тасида совриндорлар қаторига кириб, 5 та вазнда чемпионликни қўлга киритишди. Бу натижа Ўзбекистон жамоасига умумжамоа ҳисобида яна биринчи ўринни таъминлади.
Жамоавий ҳисобдаги натижалар:
1-ўрин — Ўзбекистон: 5 та олтин, 2 та кумуш, 1 та бронза медали
2-ўрин — Бразилия: 3 та олтин, 2 та кумуш, 4 та бронза
3-ўрин — Қозоғистон: 3 та олтин (2 та эркаклар, 1 та аёллар ўртасида), 3 та бронза
Ўзбекистонлик чемпионлар:
Асилбек Жалилов (50 кг)
Фазлиддин Эркинбоев (75 кг)
Жавохир Умматалиев (80 кг)
Турабек Ҳабибуллаев (90 кг)
Жаҳонгир Закиров (+90 кг)
Кумуш медал соҳиблари:
Миразизбек Мирзахалилов (55 кг)
Акмалжон Исроилов (85 кг)
Бронза медал соҳиби:
Мадияр Данияров (60 кг)