Ўзбекистон

Иордания дўконларида ўзбек маҳсулотлари учун алоҳида бўлимлар очилади

Иордания дўконларида ўзбек маҳсулотлари учун алоҳида бўлимлар очилади
Иордания дўконларида ўзбек маҳсулотлари учун алоҳида бўлимлар очилади / Фото: Ўзбекистон Озиқ-овқат маҳсулотлари хавфсизлиги қўмитаси.

Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Ўзбекистон Озиқ-овқат маҳсулотлари хавфсизлиги қўмитаси.Иорданиянинг Abu Odeh Bros. Co. компанияси Abu Rayhan чакана савдо тармоғи дўконларида ўзбек маҳсулотлари учун махсус бўлимлар очишга келишиб олди. Бу ҳақда Ўзбекистон Озиқ-овқат маҳсулотлари хавфсизлиги қўмитаси хабар берди.

Келишув қўмита раисининг ўринбосари Қуршид Раҳматуллаевнинг Abu Odeh Bros. Co. бошқарув директори Анас Абу Одеҳ билан учрашувида эришилди.

Томонлар Ўзбекистон маҳсулотларини Иордания бозорига етказиб бериш масалаларини муҳокама қилди. Иордания компанияси қуруқ мевалар, айниқса, майиз, шунингдек, қандолат маҳсулотлари ва турли хил газакларга қизиқиш билдирди.

Учрашув иштирокчилари икки мамлакат ўртасидаги савдо-иқтисодий ҳамкорликни кенгайтириш, экспорт ва импорт алоқаларини мустаҳкамлаш ҳамда ўзаро манфаатли савдони ривожлантириш истиқболларини кўриб чиқди.

Abu Odeh Bros. Co. компанияси 1997 йилда ташкил этилган. У озиқ-овқат маҳсулотларини ишлаб чиқариш, қадоқлаш ва дистрибуция қилишга ихтисослашган. Компания Форс кўрфази мамлакатлари, Европа, АҚШ ва Канада билан ишбилармонлик алоқаларини йўлга қўйган.

Эришилган келишувга мувофиқ, Abu Odeh Bros. Co. компаниясига тегишли Abu Rayhan савдо тармоғи дўконларида Made in Uzbekistan бренди остидаги маҳсулотлар учун алоҳида савдо бўлимлари ташкил этилади. Иордания томони ўзбек ишлаб чиқарувчилари маҳсулотларини сотишга ҳам кўмаклашади.

Қўмита ушбу келишув маҳаллий озиқ-овқат маҳсулотларининг Иордания бозорига чиқишини осонлаштириши, маҳаллий ишлаб чиқарувчилар учун сотиш имкониятларини кенгайтириши ва экспорт географиясини оширишга хизмат қилишини кутмоқда.

 

Дилафруз Ниязова
Дилафруз Ниязова

Дилафруз Ниязова 2025 йилдан буён UzDaily жамоасида фаолият юритиб, нашрнинг ўзбек тилидаги версияси учун масъулдир.