Икки аёл Ўзбекистондан 240 минг доллар олиб чиқмоқчи бўлди
Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Қўшни давлатнинг икки нафар фуқароси Ўзбекистондан 240 минг доллар нақд пулни олиб чиқиб кетишга уринган. Улар пулларни кийимлари остига яшириб, болдирларига скотч билан маҳкамлаб қўйган.
Аёллар Тошкент вилоятидаги «Навоий» чегара божхона постида ушланган. Бу ҳақда Божхона қўмитаси матбуот хизмати хабар берди.
Божхона кўриги вақтида ушланган аёлларнинг биридан 80 минг доллар, иккинчисидан эса 160 минг доллар аниқланган. Пул купюралари болдир қисмига скотч билан боғланган ва кийим остига яширилган.
Божхоначилар йўловчиларни текшириш жараёнида яширилган нақд пулларни аниқлаган. Қўмита томонидан эълон қилинган видеокадрларда аёлларнинг оёқларидан брикет шаклида қадоқланган пул купюралари ўралган боғламлар ечиб олинаётгани акс этган.
Аниқланган нақд хорижий валютанинг умумий миқдори 240 минг долларни ташкил этган.