Ўзбекистон Иқтисод Молия Технологиялар Маданият Спорт Туризм Дунё Media OutReach Newswire
Ўзбекистон

Head Honchos H-2А дастурини ишлаб чиқиш учун Ўзбекистонга ташриф буюради

UzDaily таҳририяти · 24.07.2026 · 21:15 · 30 views
Head Honchos H-2А дастурини ишлаб чиқиш учун Ўзбекистонга ташриф буюради

Head Honchos H-2А дастурини ишлаб чиқиш учун Ўзбекистонга ташриф буюради

Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Американинг “Head Honchos” компанияси президенти Тодд Миллер жорий йил август ойида H-2A мавсумий қишлоқ хўжалиги визалари дастури доирасидаги ҳамкорликни муҳокама қилиш учун Ўзбекистонга келади, деб хабар бермоқда “Дунё” АА мухбири.

Ушбу ташриф Ўзбекистоннинг АҚШдаги элчихонаси томонидан мамлакатимиз фуқароларининг Қўшма Штатларда қонуний ишга жойлашиш имкониятларини кенгайтириш ва H-2A виза дастурида иштирок этишни осонлаштириш борасидаги саъй-ҳаракатлар доирасида ташкил этилмоқда.

Ташриф давомида томонлар Ўзбекистон фуқароларини АҚШ қишлоқ хўжалиги соҳасидаги мавсумий ишларга жалб этиш ҳамда Ўзбекистон ва “Head Honchos” компанияси ўртасида ҳамкорлик меморандумини имзолаш масалаларини муҳокама қилишни режалаштирган.

Ҳужжатда америкалик иш берувчилар талабларига мувофиқ кадрлар тайёрлаш, номзодларни касбга ўргатиш ва H-2A визаси асосида АҚШда қонуний иш топиш имкониятларини кенгайтириш кўзда тутилган.

Америка делегациясининг ташриф дастуридан Тошкент шаҳри, Бухоро ва Фарғона вилоятларига сафар қилиш ўрин олган. У ерда компания вакиллари қишлоқ хўжалиги корхоналари, фермер хўжаликлари ва соҳа вакиллари фаолияти билан танишади.

Элчихона вакилларининг таъкидланишича, H-2A виза дастури доирасидаги ҳамкорлик Ўзбекистон фуқароларини АҚШда ишга жойлаштириш тартиб-таомилларини такомиллаштириш ҳамда хавфсиз ва қонуний мавсумий меҳнат учун қўшимча имкониятлар яратишга қаратилган.

Эслатиб ўтамиз, жорий йил бошидан Ўзбекистонга ташриф буюрувчи АҚШ фуқаролари учун 30 кунлик визасиз режим жорий этилган.