Ҳарбий пенсиялар тўғрисидаги қонун депутатлар томонидан қабул қилинди
Ҳарбий пенсиялар тўғрисидаги қонун депутатлар томонидан қабул қилинди
Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — “Ҳарбий хизматчиларнинг (ходимларнинг) ва улар оила аъзоларининг давлат пенсия таъминоти тўғрисида”ги қонун лойиҳаси иккинчи ўқишда кўриб чиқилди.
Лойиҳа билан ҳарбий хизматчилар (ходимлар) ва уларнинг оила аъзоларини давлат пенсиялари билан таъминлашнинг ҳуқуқий асосларини қонун билан белгилаш, ушбу пенсияни тайинлаш шартлари, турлари, миқдорлари ва тартибига оид нормаларни такомиллаштириш назарда тутилмоқда.
Хусусан, ҳарбий хизматда 30 йилдан ортиқ хизмат қилганлар учун пенсиянинг базавий миқдорини аниқлашда иш ҳақининг ҳисобга олинадиган миқдорини 75 фоиздан 100 фоизга ошириш, шунингдек, пенсия тайинлашда асос бўладиган пенсияни ҳисоблаш базавий миқдорини ўн бараваридан келиб чиқиб ҳисоблаш амалиётини ўн икки бараваридан келиб чиқиб амалга ошириш таклиф этилмоқда.
Тақдим этилаётган имтиёзлар ватанимиз ва халқимиз хавфсизлигини таъминлашда узоқ йиллар фидокорона хизмат қилган, ўз ҳаётини юртимиз истиқболи учун бағишлаб, фидойилик кўрсатган ҳарбийларимизни қўшимча рағбатлантириш, ёшларимизда бу соҳага бўлган меҳр ва иштиёқни ошириш, уларни ватанпарварлик руҳида тарбиялаш каби мақсадларни назарда тутган.
Мажлисда қонун лойиҳасини иккинчи ўқишга тайёрлаш жараёнида ҳужжат ишчи гуруҳ йиғилишларида мутахассислар ва соҳа экспертлари иштирокида ҳар томонлама кўриб чиқилгани, билдирилган таклифлар инобатга олиниб, лойиҳа матни такомиллаштирилгани қайд этилди.
Козимжон ТОЖИЕВ, Халқаро ишлар, мудофаа ва хавфсизлик масалалари қўмитаси аъзоси: Мазкур қонун лойиҳаси ҳарбий хизматчилар (ходимлар) ва уларнинг оила аъзоларини ижтимоий ҳимоя қилиш самарадорлигини ошириш, ҳарбий хизмат нуфузини кучайтириш, пенсия таъминоти соҳасидаги муносабатларни аниқ тартибга солиш, ҳуқуқни қўллаш амалиётида ягона ва барқарор механизмларни шакллантиришга хизмат қилади.
Мажлисда қонун лойиҳаси депутатлар томонидан қабул қилинди ва Сенатга юборилди.