Иқтисод

Германия Ўзбекистон бизнесини қўллаб-қувватлаш учун 26,77 млн евро ажратди

Германия Ўзбекистон бизнесини қўллаб-қувватлаш учун 26,77 млн евро ажратди
Германия Ўзбекистон бизнесини қўллаб-қувватлаш учун 26,77 млн евро ажратди / Фото: Қишлоқ хўжалиги вазирлиги.

Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Ўзбекистон ва Германия ўртасидаги молиявий ҳамкорлик дастури доирасида микро, кичик ва ўрта бизнесни қўллаб-қувватлаш учун 26,77 млн евро миқдорида кредит маблағлари йўналтирилди.

«Кичик ва ўрта бизнесни молиявий қўллаб-қувватлаш» дастурининг амалга оширилиши якунлари давлат ва жамоат ташкилотлари, халқаро институтлар, молия муассасалари вакиллари, тадбиркорлар ҳамда соҳа экспертлари иштирокидаги тадбирда сарҳисоб қилинди.

2025–2026 йилларда ҳамкор банклар мамлакат бўйлаб кичик ва ўрта бизнеснинг 1 400 дан ортиқ субъектига жами 670 млрд сўмлик кредитлар ажратди.

Кредитлашдан ташқари, дастур тадбиркорларга таълим, консалтинг ва техник хизматлар кўрсатишни грантлар орқали қўллаб-қувватлашни ҳам назарда тутди. Якуний тадбир иштирокчилари молиялаштириш имкониятлари, ҳамкор банклар фаолияти ва бизнес лойиҳаларини, жумладан, ҳудудлардаги ташаббусларни қўллаб-қувватлаш кўламини янада кенгайтириш имкониятларини муҳокама қилди.

Аёллар ва ёшлар тадбиркорлигини ривожлантиришга алоҳида эътибор қаратилди. Ўзбекистоннинг «Аграр соҳа аёллари» ассоциацияси ва маҳаллий ҳокимликлар билан ҳамкорликда мамлакатнинг 13 та ҳудудида икки кунлик 26 та семинар ташкил этилди. Уларда 700 нафардан ортиқ аёл ва ёшлар иштирок этди.

Тренинглар тадбиркорликка оид билимлар ва амалий кўникмаларни ривожлантириш, шунингдек, тажриба алмашишга қаратилди. Семинарлар натижасида айрим иштирокчилар гулчилик ва сутни қайта ишлаш соҳаларида ўз бизнесини ривожлантира бошлади.

Яна бир йўналиш қишлоқ хўжалиги ва тадбиркорликка оид билимларни оммалаштиришдан иборат бўлди. AgroMart онлайн платформаси билан ҳамкорликда 14 та мавзуни қамраб олган бепул видеотека яратилди. Ундаги видеороликлар ижтимоий тармоқларда 12,3 млн марта кўрилди.

Тадбир якунлари бўйича иштирокчилар тадбиркорларнинг молиялаштириш имкониятларини янада кенгайтириш, ҳудудлардаги ташаббусларни қўллаб-қувватлаш ва аёл тадбиркорлар лойиҳаларини ривожлантириш зарурлигини таъкидлади.

Томонлар, шунингдек, Ўзбекистонда кичик ва ўрта бизнес салоҳиятини мустаҳкамлашга қаратилган ҳамкорликни давом эттириш муҳимлигини қайд этди.

 

Дилафруз Ниязова
Дилафруз Ниязова

Дилафруз Ниязова 2025 йилдан буён UzDaily жамоасида фаолият юритиб, нашрнинг ўзбек тилидаги версияси учун масъулдир.