Франциянинг Star Group компанияси Самарқанд боғларини модернизация қилишни таклиф қилди
Франциянинг Star Group компанияси Самарқанд боғларини модернизация қилишни таклиф қилди
Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Самарқанд вилояти ҳокими Адиз Бобоев Франциянинг "Star Fruits & Plant Export" (Star Group) консорциуми раҳбарияти билан учрашув ўтказди. Унда хорижий ҳамкорлар ўз фаолиятини тақдим этиб, вилоят қишлоқ хўжалиги секторини модернизация қилиш бўйича комплекс хизматларни таклиф қилдилар.
Премиум сегментдаги клуб мева навларини етиштириш бўйича Европадаги етакчи компаниялардан бири ҳисобланган консорциум Самарқандда ўзининг ноёб бизнес моделини жорий этишга қизиқиш билдирганини маълум қилди. Франция томони инновасион ва сертификатланган кўчатлар етказиб бериш, боғларга агротехник ишлов бериш, шунингдек, маҳсулотларни глобал маркетинг тизимларига интеграция қилиш ҳамда маҳаллий меваларни халқаро савдо тармоқларига олиб чиқишни ўз ичига олган тўлиқ давомий ҳамкорликни таклиф этди.
Вилоят ҳокими лойиҳа истиқболларига қизиқиш билдириб, ҳудуддаги кўплаб боғларни янгилаш ва ҳосилдорлигини ошириш зарурлигини таъкидлади. Унинг қайд этишича, мазкур моделнинг асосий афзаллиги оддий хомашё экспортидан юқори қўшимча қийматга эга брендли мевалар савдосига ўтиш имкониятини яратишидир.
Учрашув якунида томонлар компаниянинг таклифлари ва амалий тажрибасини батафсил ўрганишга келишиб олдилар. Шундан сўнг қўшма лойиҳаларни амалга ошириш бўйича аниқ амалий чоралар ишлаб чиқилиши режалаштирилмоқда.