Ўзбекистон Иқтисод Молия Технологиялар Маданият Спорт Туризм Дунё Media OutReach Newswire
O'z Ўз Ру En
Иқтисод

Фарҳод Ибрагимов Enterprise Uzbekistan раҳбари бўлди

Дилафруз Ниязова · 04.09.2026 · 22:25 · 25 views
Фарҳод Ибрагимов Enterprise Uzbekistan раҳбари бўлди
Фарҳод Ибрагимов Enterprise Uzbekistan раҳбари бўлди / Фото: IT Park Uzbekistan.

Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Фарҳод Ибрагимов Enterprise Uzbekistan бренди остида фаолият юритувчи Халқаро рақамли технологиялар маркази бошқаруви раиси этиб тайинланди.

 

Тегишли бошқарув таркиби 2 сентябрь куни тасдиқланган. Бу ҳақда Ягона корпоратив ахборот порталида эълон қилинган муҳим фактдан маълум бўлди.

Аввал Enterprise Uzbekistan’га Амир Мардиев раҳбарлик қилган. Энди у махсус ҳуқуқий режим бўйича бошқарув раисининг ўринбосари лавозимини эгаллади.

Бошқарув таркибига, шунингдек, Марказ иштирокчилари билан ишлаш бўйича бошқарув раисининг ўринбосари этиб тайинланган Элёр Мақсудов, халқаро бизнесни ривожлантириш бўйича раис ўринбосари Баходир Аюпов ва операцион бошқарув бўйича раис ўринбосари Сардоржон Аҳмедов кирди.

Янги лавозимга тайинлангунига қадар Фарҳод Ибрагимов 2025 йил февраль ойидан IT Park Uzbekistan кузатув кенгаши раиси лавозимида ишлаб келган. Унинг фаолияти IT Park Uzbekistan экотизимини стратегик ривожлантириш ва Enterprise Uzbekistan’ни ташкил этиш билан боғлиқ бўлган.

Ибрагимов 2017 йил ноябрь ойидан технопаркка раҳбарлик қилган. У 2018 йилга қадар Mirzo Ulugbek Innovation Center деб аталган.

Enterprise Uzbekistan’нинг қонунчилик асоси 20 август куни президент Халқаро рақамли технологиялар маркази тўғрисидаги Конституциявий қонунни имзолаганидан кейин яратилди.

Лойиҳа устидаги ишлар қарийб бир йил давом этди. 2025 йил ноябрь ойида Тошкентда IT Park негизида марказни ташкил этиш тўғрисида фармон қабул қилинди. Март ойида президент унинг концепциясини маъқуллади. Концепцияда 2100 йилгача махсус ҳуқуқий режимни жорий этиш, инглиз ҳуқуқини қўллаш ва тартибга солувчи сандбоксни ташкил этиш назарда тутилган.

Июнь ойида Қонунчилик палатаси қонун лойиҳасини қабул қилиб, уни Тошкент халқаро молия маркази тўғрисидаги қонун лойиҳаси билан бир вақтда Сенатга юборди. Сенат ҳар икки ҳужжатни рад этиб, қайта ишлаш учун қайтарди. Ўзгартишлар киритилганидан сўнг Enterprise Uzbekistan тўғрисидаги қонун лойиҳаси 8 август куни маъқулланди.

Шу тариқа, Ўзбекистонда иккита махсус юрисдикция шаклланмоқда: молия сектори учун Тошкент халқаро молия маркази (ТМММ) ва технологик бизнес учун Enterprise Uzbekistan. Ҳар икки марказни 2027 йилда ишга тушириш режалаштирилган. Уларнинг биргаликда мамлакатга 20–25 миллиард доллар жалб қилиши кутилмоқда.

Enterprise Uzbekistan фаолиятига Ўзбекистон президенти бошчилигидаги махсус кенгаш раҳбарлик қилади.

Унинг таркибига, шунингдек, Бош вазир Абдулла Арипов, Бош вазир ўринбосари — иқтисодиёт ва молия вазири Жамшид Қўчқоров, рақамли технологиялар вазири Шерзод Шерматов, адлия вазири Акбар Ташқулов, Марказий банк раиси Тимур Ишметов, Истиқболли лойиҳалар миллий агентлиги директори Дмитрий Ли ҳамда Президент Администрациясининг молиявий технологиялар, рақамлаштириш ва сунъий интеллект департаменти бошлиғи Бобур Хўжаев киради.