Ўзбекистон Иқтисод Молия Технологиялар Маданият Спорт Туризм Дунё Media OutReach Newswire
Иқтисод

Фарғоналик тадбиркорлар Афғонистон билан лойиҳаларни муҳокама қилишди

UzDaily таҳририяти · 27.07.2026 · 20:10 · 22 views
Фарғоналик тадбиркорлар Афғонистон билан лойиҳаларни муҳокама қилишди

Фарғоналик тадбиркорлар Афғонистон билан лойиҳаларни муҳокама қилишди / Сурат: Фарғона вилоят ҳокимияти

Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Ўзбекистон Республикаси Бош вазири ўринбосари Жамшид Хўжаев бошчилигидаги делегация Афғонистон Давлат корпорациялари идораси раҳбари Мавлавий Аҳмаджон Билол билан учрашди.

Учрашувда Фарғона вилояти ҳокими Хайрулло Бозоров ҳам иштирок этди.

Музокараларда икки томонлама ҳамкорликни янада кенгайтириш, инвестиция лойиҳаларини амалга ошириш ҳамда саноат кооперациясини ривожлантириш масалалари муҳокама қилинди.

Вилоят ҳокими Хайрулло Бозоров Фарғона вилояти Афғонистон ҳудудлари ва ишбилармон доиралари билан ўзаро манфаатли савдо-иқтисодий алоқаларни мустаҳкамлаш, қўшма саноат ва инвестиция лойиҳаларини амалга оширишга алоҳида эътибор қаратаётганини таъкидлади. Шунингдек, истиқболли йўналишларда иқтисодий ҳамкорликни кенгайтириш устувор вазифалардан бири эканини қайд этди.

Учрашувда Ёзёвон туманидаги “Грин Инфрастракчер Инвестментс Груп” МЧЖ томонидан Афғонистон ҳудудида ақлли электр ҳисоблагичларини ишлаб чиқариш, электр энергетикаси соҳасида замонавий бошқарув тизимларини жорий этиш ҳамда IT соҳасидаги ҳамкорликни кенгайтиришга қаратилган лойиҳалар юзасидан ҳам фикр алмашилди.

Афғонистон Давлат корпорациялари идораси давлат корпорациялари фаолиятини мувофиқлаштириш, давлат мулкини самарали бошқариш, молиявий ва операцион назоратни таъминлаш ҳамда хусусийлаштириш жараёнларини амалга оширишга масъул ташкилот ҳисобланади. 2022 йилдан буён мазкур идора давлат корхоналари ва корпорацияларини ислоҳ қилиш дастурини амалга ошириб келмоқда.

Ташкилот давлат корхоналарини қўшимча молиялаштириш, замонавий технология ва ускуналар билан таъминлаш, ишлаб чиқариш қувватларини кенгайтириш ҳамда раҳбар кадрлар салоҳиятини оширишга кўмаклашади. Шунингдек, ижтимоий аҳамиятга эга инфратузилма лойиҳаларини амалга ошириш бўйича ҳукуматнинг масъул органларидан бири ҳисобланади.

Бундан ташқари, идора тоғ-кон саноати, қурилиш материаллари ва цемент ишлаб чиқариш, телекоммуникациялар, оптик толали алоқа технологияларини жорий этиш, қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари ишлаб чиқариш каби йўналишларда йирик лойиҳаларни амалга оширмоқда.

Шу билан бирга, ташкилот савдо ва саноат кооперациясини ривожлантириш, маҳсулотлар ишлаб чиқариш ва экспортни қўллаб-қувватлаш, кўргазмалар ташкил этиш, касбий таълим дастурларини амалга ошириш ҳамда маҳаллий тадбиркорликни рағбатлантириш бўйича ҳам фаолият юритади.