Ўзбекистон Иқтисод Молия Технологиялар Маданият Спорт Туризм Дунё Media OutReach Newswire
Ўзбекистон

Фарғонада «Инсон» маркази ходими ҳашар пайтида ҳалок бўлди

UzDaily таҳририяти · 01.08.2026 · 20:25 · 34 views
Фарғонада «Инсон» маркази ходими ҳашар пайтида ҳалок бўлди
Фарғонада «Инсон» маркази ходими ҳашар пайтида ҳалок бўлди / Фото: UzDaily.

Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Фарғона вилоятининг Учкўприк туманидаги «Инсон» ижтимоий хизматлар маркази ходими Т. Жўраев ҳашар вақтида ҳалок бўлди. Бу ҳақда Ижтимоий ҳимоя миллий агентлиги хабар қилди.

Идора маълумотларига кўра, 29 июль куни Учкўприк тумани ҳокимлиги ҳашар ишларига «маҳалла еттилиги» вакилларини жалб қилган. Ишлар давомида ёлланган ишчилар фойдаланаётган мотокосанинг пичоғи синиб кетган.

Учиб кетган пичоқ бўлаги ўша пайтда ишлар боришини кузатиб турган Т. Жўраевнинг қорин қисмига теккан. У олган жароҳатлари оқибатида вафот этган.

Ижтимоий ҳимоя миллий агентлиги марҳумнинг оиласи, яқинлари ва қариндошларига чуқур ҳамдардлик билдириб, унинг оиласи агентликнинг доимий эътиборида бўлиши ва зарур ижтимоий қўллаб-қувватлаш билан таъминланишини маълум қилди.

Шунингдек, идора меҳнатни муҳофаза қилиш талабларига риоя этилгани ҳамда ходимларни уларнинг хизмат вазифаларига кирмайдиган ишларга жалб қилиш ҳолатлари юзасидан ҳар томонлама текширув ўтказилаётганини маълум қилди.

Текширув якунларига кўра, масъул мансабдор шахслар ҳаракатларига ҳуқуқий баҳо берилади ва зарурат туғилганда тегишли чоралар кўрилади.