Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Фарғона вилоятида «Baku Oltin» МЧЖ қўшма корхонасида заргарлик буюмлари ишлаб чиқариш ҳажмини ошириш режалаштирилмоқда.
Лойиҳани ривожлантириш истиқболлари вилоят ҳокими Хайрулло Бозоров ва корхона таъсисчиси, туркиялик инвестор Мушфиқ Иброҳимзода ўртасида муҳокама қилинди.
Учрашув давомида томонлар ишлаб чиқариш ҳажмини ошириш, маҳсулот турларини кенгайтириш ва корхона фаолиятини янада ривожлантириш масалаларини кўриб чиқди.
Таъкидланишича, айни пайтда корхона ички бозорда талаб юқори бўлган, импорт ўрнини босувчи маҳсулотлар ишлаб чиқармоқда.
Келгусида заргарлик буюмларининг янги турларини ўзлаштириш, ишлаб чиқариш кўламини кенгайтириш, қўшимча иш ўринлари яратиш ва маҳсулотлар экспортини йўлга қўйиш режалаштирилган.
Хайрулло Бозоров вилоят ҳокимлиги ўзаро манфаатли инвестиция лойиҳаларини қўллаб-қувватлашга ҳамда режалаштирилган ташаббусларни амалга оширишда амалий кўмак кўрсатишга тайёр эканини билдирди.