Фарғона ва Япония мева-сабзавот экспортини муҳокама қилди

Фарғона ва Япония мева-сабзавот экспортини муҳокама қилди

Фарғона ва Япония мева-сабзавот экспортини муҳокама қилди

Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Фарғона вилояти ҳокими Хайрулло Бозоров Токиога амалий ташрифи доирасида Япониянинг Tokyo Seika Trading Co., Ltd. ва Toyo Trans Incorporation компаниялари вакиллари билан учрашувлар ўтказди.

Учрашув давомида мева-сабзавотлар ва бошқа қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини экспорт қилиш, уларни қайта ишлаш, сақлаш ва замонавий логистика занжирларини йўлга қўйиш бўйича истиқболли инвестиция лойиҳалари кўриб чиқилди.

Мулоқот чоғида Фарғона вилоятининг аграр соҳадаги салоҳияти, хусусан, юқори сифатли мева ва сабзавотлар етиштириш бўйича бой тажрибаси, экспортбоп маҳсулот турлари ва мавжуд инфратузилмаси ҳақида батафсил маълумот берилди. Компаниялар мазкур маҳсулотларга юқори қизиқиш билдириб, уларни ўз бозорига тизимли равишда етказиб бериш механизмларини жорий этишга тайёр эканини таъкидлади.

Савдо йўналишида фаолият юритувчи ҳамда транспорт-логистика хизматларига ихтисослашган мазкур компаниялар Ўзбекистон, айниқса, Фарғона вилоятида етиштирилаётган қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини Япония бозорига кенг миқёсда олиб киришни режалаштирмоқда. Бу эса маҳаллий ишлаб чиқарувчилар учун янги экспорт имкониятларини яратиб, ҳудуд иқтисодиётининг янада ўсишига хизмат қилиши кутилмоқда.

Учрашув якунида томонлар ўртасида ўзаро ҳамкорлик бўйича битим имзоланди.

Энг сўнгги янгиликлардан хабардор бўлинг
Телеграм каналимизга обуна бўлинг