Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Фарғона вилоят маъмурияти матбуот хизматиФарғона вилояти ҳокимлиги сув таъминоти, оқова сувларни чиқариш ва ирригация соҳаларида халқаро тажриба ҳамда давлат-хусусий шериклик механизмларидан фойдаланган ҳолда инфратузилма лойиҳаларини амалга ошириш имкониятларини ўрганмоқда.
Ушбу масалалар Фарғона вилояти ҳокими Ҳайрулло Бозоровнинг Эр-Риёд шаҳрида Al Khorayef Water and Power Technologies компаниясининг инвестициялар бўйича бош директори Аҳмад ал-Мансур билан учрашувида муҳокама қилинди.
Музокаралар Ўзбекистон делегациясининг Саудия Арабистонига ишчи ташрифи доирасида бўлиб ўтди. Учрашувда Ўзбекистоннинг ушбу мамлакатдаги элчиси Нодиржон Тўрғунов ҳам иштирок этди.
Томонлар аҳолини сифатли ичимлик суви билан таъминлаш, канализация ва сув чиқариш тизимларини модернизация қилиш, шунингдек, амалдаги инфратузилма объектлари самарадорлигини ошириш истиқболларини кўриб чиқди.
Муҳандислик-коммуникация тармоқларини ривожлантиришда замонавий технологияларни жорий этиш ва халқаро тажрибадан фойдаланишга алоҳида эътибор қаратилди.
Ҳайрулло Бозоров аҳоли учун қулай шароитлар яратиш ва тадбиркорлик фаолиятини қўллаб-қувватлайдиган замонавий инфратузилмани ривожлантириш вилоят ҳокимлигининг устувор йўналишларидан эканини таъкидлади.
Шу муносабат билан у хорижий компанияларни жалб қилиш ва давлат-хусусий шериклик механизмларидан самарали фойдаланиш муҳимлигини қайд этди. Бу, жумладан, ичимлик суви таъминоти, оқова сувларни чиқариш ва ирригация тизимларини қуриш ҳамда модернизация қилишни ҳам қамраб олади.
Al Khorayef Water and Power Technologies вакиллари компаниянинг сув таъминоти, оқова сувларни тозалаш ва инфратузилма объектларини бошқариш соҳаларидаги тажрибаси ҳақида маълумот берди.
Учрашув иштирокчилари Фарғона вилоятида ўзаро манфаатли ҳамкорликнинг эҳтимолий йўналишларини ҳам муҳокама қилди.
Музокаралар якунида томонлар истиқболли инфратузилма лойиҳаларини биргаликда ўрганиш, устувор йўналишларни белгилаш ва давлат-хусусий шериклик асосида амалий ҳамкорликни йўлга қўйиш имкониятларини ишлаб чиқишга келишиб олди.