Фарғонада янги саноат инвестициялари муҳокама қилинди
Фарғонада янги саноат инвестициялари муҳокама қилинди
Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Фарғона вилояти ҳокими Хайрулло Бозоров Сингапурда рўйхатдан ўтган халқаро савдо ва бизнес-консалтинг компанияси — Hsinup International Pte. Ltd. директори Лин Мингшианг бошчилигидаги делегацияни қабул қилди.
Учрашувда хитойлик инвесторлар томонидан Фарғона вилоятида амалга оширилиши режалаштирилаётган инвестиция лойиҳалари муҳокама қилинди.
Мулоқот чоғида вилоят ҳокими Фарғонада хорижий инвесторлар иштирокида қатор йирик лойиҳалар муваффақиятли амалга оширилаётганини таъкидлаб, инвесторлар учун яратилган қулай бизнес муҳити ва имкониятлар ҳақида маълумот берди.
Компания раҳбари Лин Мингшианг икки кун давомида вилоятда ўрганишлар олиб борганини, бизнес юритиш учун яратилган шарт-шароитлар билан яқиндан танишганини маълум қилди. Фарғонада темир листлар ишлаб чиқариш ҳамда металл конструкциялар тайёрлаш корхонасини очиш ниятида эканлигини қайд этди. Лойиҳалар доирасида қалин металл листлар ишлаб чиқариш ва металл конструкциялар тайёрлаш йўналишларини йўлга қўйиш кўзда тутилган. Шунингдек, саноат зоналари қуриш борасида ҳам фикр алмашилди.
Мазкур лойиҳалар темир саноатини маҳаллийлаштириш, янги иш ўринлари яратишда муҳим аҳамият касб этиши таъкидланди.
Вилоят ҳокими металл конструкцияларга бўлган талаб йил сайин ортиб бораётганини қайд этиб, ушбу ташаббусларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлашга тайёр эканлигини билдирди.
Учрашув якунида ҳамкорликни янада кенгайтириш ва лойиҳаларни амалга ошириш ишларини жадаллаштириш бўйича келишиб олинди.