Фарғонада Soliq Mobile орқали маблағ талон-торожи фош этилди

Фарғонада Soliq Mobile орқали маблағ талон-торожи фош этилди

Фарғонада Soliq Mobile орқали маблағ талон-торожи фош этилди

Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Ўзбекистон Бош прокуратураси ҳузуридаги Департамент бошқармаси ходимлари Фарғона вилоятида Soliq Mobile мобил иловаси орқали бюджет маблағларини ноқонуний олиш билан боғлиқ янги ҳолатни аниқлади.

Тергов маълумотларига кўра, уч нафар фуқаро Telegram мессенжерида бир нечта гуруҳ ташкил қилиб, еттита компания номидан расмийлаштирилган касса чеклари бўйича кешбэк суммаларини сотиш билан шуғулланган. Схема доирасида жисмоний шахсларга 1 фоиз, ижтимоий ҳимоя реестрига киритилган фуқароларга эса 12 фоиз миқдорида кешбэк таклиф қилинган.

Аниқланишича, мазкур компаниялар амалда молиявий-хўжалик фаолиятини юритмаган.

Тижорат операциялари амалга оширилгани ҳақида тасаввур ҳосил қилиш мақсадида гумонланувчилар умумий қиймати 3,3 триллион сўмлик гўёки харид қилинган товар ва хизматлар бўйича сохта электрон ҳисобварақ-фактураларни расмийлаштирган.

Бундан ташқари, онлайн-касса аппаратлари орқали товар ва хизматлар реализациясидан тушган маблағлар ҳақида сохта тушумлар расмийлаштирилиб, кейинчалик аҳоли ўртасида тарқатилган касса чеклари шакллантирилган.

Мазкур схема қўлланилиши натижасида Soliq Mobile иловаси орқали 211 584 нафар фуқарога умумий 28,5 миллиард сўм миқдорида кешбэк ҳисобланган. Ушбу маблағнинг 3,2 миллиард сўми аллақачон тўлаб берилган.

Мазкур ҳолат юзасидан Ўзбекистон Жиноят кодексининг 167-моддаси (ўзлаштириш ёки растрата йўли билан талон-торож қилиш) ва 228-моддаси (сохта ҳужжатларни тайёрлаш, қалбакилаштириш, ўтказиш ёки улардан фойдаланиш) бўйича жиноят иши қўзғатилган.

Ҳозирги вақтда тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.

Аввалроқ Солиқ қўмитаси 100 миллиард сўмдан ортиқ ижтимоий кешбэк тўловлари тўхтатилганини маълум қилган эди.

Текширув органлари маълумотларига кўра, ҚҚС қайтариб олиш учун сохта касса чекларидан фойдаланишга уринган 200 минг нафардан ортиқ шахс шубҳали қабул қилувчилар рўйхатига киритилган.

Энг сўнгги янгиликлардан хабардор бўлинг
Телеграм каналимизга обуна бўлинг