Фарғона вилояти Vision Invest билан биргаликда 300 миллион долларлик касалхона қуради

Фарғона вилояти Vision Invest билан биргаликда 300 миллион долларлик касалхона қуради

Фарғона вилояти Vision Invest билан биргаликда 300 миллион долларлик касалхона қуради

Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Фарғона вилояти ҳокими Хайрулло Бозоров Саудия Арабистонининг Vision Invest компанияси катта вице-президенти Юсиф Аль Зухаирни қабул қилди.

Учрашувда Фарғона вилоятида давлат-хусусий шериклик асосида замонавий кўп тармоқли шифохона қуриш лойиҳасини амалга ошириш билан боғлиқ масалалар муҳокама қилинди.

Мулоқотда мазкур йирик тиббиёт лойиҳаси бўйича амалий ишлар фаол босқичга ўтгани, Фарғона вилоятида 800 ўринли, 10 қаватдан иборат замонавий кўп тармоқли шифохонани халқаро стандартлар асосида лойиҳалаш, молиялаштириш, қуриш, замонавий тиббий жиҳозлар билан таъминлаш ҳамда узоқ муддатли техник хизмат кўрсатишни назарда тутувчи давлат-хусусий шериклик лойиҳаси бўйича муҳим келишувларга эришилгани таъкидланди.

Вилоят ҳокими мазкур ташаббус Ўзбекистон Республикаси Президентининг давлат-хусусий шериклик механизмларини кенг жорий этишга қаратилган қарорлари, хусусан, соғлиқни сақлаш соҳасидаги ислоҳотлар доирасида амалга оширилаётганини, тиббиёт соҳасидаги биринчи йирик лойиҳани амалга оширишга киришилаётганини қайд этди.

Янги тиббиёт мажмуаси нафақат Фарғона вилояти, балки бутун водий ҳудудлари ҳамда қўшни республикалар аҳолиси учун юқори малакали ва замонавий тиббий хизматлар кўрсатиш имкониятларини янада кенгайтиришига, бу эса вилоятда тиббиётни янги босқичга олиб чиқиши билдирилди.

Учрашувда Юсиф Аль Зухаир Фарғона вилоятида тиббиёт соҳаси учун зарур инфратузилма ва мустаҳкам база шаклланганини таъкидлаб, бу омил лойиҳани самарали ва тезкор амалга оширишда муҳим аҳамият касб этишини таъкидлади.

Лойиҳанинг умумий инвестиция қиймати қарийб 300 миллион долларни ташкил этади. Давлат-хусусий шериклик асосида амалга оширилаётган мазкур мега-лойиҳа Марказий Осиёда ДХШ моделида барпо этилаётган энг йирик соғлиқни сақлаш объектларидан бирига айланиши кутилмоқда.

Мулоқот давомида мазкур компания томонидан Фарғона вилоятида мазкур лойиҳаларни амалга ошириш бўйича ишлаб чиқилган таклиф ва ташаббуслар тақдимоти ҳам ўтказилди.

Учрашув якунида вилоят ҳокими инвесторлар томонидан бошланаётган барча лойиҳалар тўлиқ қўллаб-қувватланишини таъкидлади. Шунингдек, масъуллар бириктирилиб, лойиҳаларни ўз вақтида ва сифатли амалга ошириш учун барча зарур амалий кўмак кўрсатилиши маълум қилинди.

Энг сўнгги янгиликлардан хабардор бўлинг
Телеграм каналимизга обуна бўлинг