Спорт

Фабио Каннаваро Ўзбекистон терма жамоаларининг 2027 йилги мусобақаларга тайёргарлигини муҳокама қилди

Фабио Каннаваро Ўзбекистон терма жамоаларининг 2027 йилги мусобақаларга тайёргарлигини муҳокама қилди
Фабио Каннаваро Ўзбекистон терма жамоаларининг 2027 йилги мусобақаларга тайёргарлигини муҳокама қилди / Фото: Ўзбекистон футбол ассоциацияси..

Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Ўзбекистон футбол ассоциациясида ташкилот раҳбарияти, миллий терма жамоа бош мураббийи Фабио Каннаваро ҳамда турли ёш тоифаларидаги эркаклар ва аёллар терма жамоалари мураббийлари иштирокида йиғилиш бўлиб ўтди. Унда 2026 йилда амалга оширилган ишлар сарҳисоб қилиниб, 2027 йил учун устувор вазифалар белгилаб олинди.

Муҳокамада U-23, U-20, U-18, U-17, U-16, U-15 ва U-14 ёш тоифаларидаги миллий терма жамоалар мураббийлари иштирок этди. Ассоциация раҳбарияти эришилган натижаларни қайд этиш билан бирга, йўл қўйилган хатолар ва камчиликларни ҳам таҳлил қилди ҳамда уларни бартараф этиш бўйича тегишли тавсиялар берди.

Жамоалар бош мураббийлари амалга оширилган ишлар, спорт натижалари ва келгуси йил учун режалар юзасидан ҳисобот тақдим этди.

Футболчиларнинг жисмоний, тактик ва психологик тайёргарлиги, шунингдек, халқаро мусобақалар олдидан машғулот жараёнини ташкил этиш масалаларига алоҳида эътибор қаратилди.

Жумладан, ҳужумчилар ва дарвозабонларнинг индивидуал тайёргарлигини кучайтириш зарурати муҳокама қилинди. Фабио Каннаваро ўзининг халқаро тажрибасига таянган ҳолда ёшлар ва ўсмирлар терма жамоалари мураббийларига ҳам тавсиялар берди.

2027 йилдаги асосий вазифалардан бири сифатида Ўзбекистонда 17 ёшгача бўлган футболчилар ўртасида Осиё кубогини ўтказиш белгиланди. Мусобақа май ойига режалаштирилган. Ассоциация турнирни юқори савияда ташкил этиш ва миллий терма жамоани муносиб иштирок этишга тайёрлашни мақсад қилган.

Бундан ташқари, йиғилишда 2027 йил сентябрь–октябрь ойларида Ўзбекистонда ўтказилиши режалаштирилган U-20 жаҳон чемпионатига тайёргарлик масалалари ҳам кўриб чиқилди.

Ассоциация маълумотига кўра, мазкур мусобақаларни ташкил этиш ва миллий терма жамоаларнинг иштирокини таъминлаш учун зарур шароитлар яратилади.

Учрашув якунлари бўйича барча жамоалар олдига аниқ вазифалар қўйилди. Устувор йўналишлар қаторида халқаро мусобақалардаги натижаларни яхшилаш, футболчилар захирасини шакллантириш ва ўзбек футболининг рақобатбардошлигини ошириш белгиланди.

 

Дилафруз Ниязова
Дилафруз Ниязова

Дилафруз Ниязова 2025 йилдан буён UzDaily жамоасида фаолият юритиб, нашрнинг ўзбек тилидаги версияси учун масъулдир.