ЕХҲТ сунъий интеллект ва унинг ОАВ эркинлигига таъсири бўйича мулоқотни қўллаб-қувватламоқда

ЕХҲТ сунъий интеллект ва унинг ОАВ эркинлигига таъсири бўйича мулоқотни қўллаб-қувватламоқда

ЕХҲТ сунъий интеллект ва унинг ОАВ эркинлигига таъсири бўйича мулоқотни қўллаб-қувватламоқда

Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Яқин-яқингача илмий фантастика сюжети бўлиб туюлган нарса бугун ҳар куни содир бўлмоқда - сунъий интеллект таҳририятлари ва миллионлаб одамларнинг смартфонларида мустаҳкам ўрнашиб, турли ижодий ва касбий соҳаларда инсоннинг ҳаммуаллифи ва айни пайтда асосий рақибига айланмоқда.

Миллий масс-медиани қўллаб-қувватлаш ва ривожлантириш жамоат фонди томонидан Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг Инновацион ривожланиш ва ахборот технологиялари масалалари қўмитаси ҳамда ЕХҲТнинг Ўзбекистондаги лойиҳалар координатори билан ҳамкорликда ташкил этилган давра суҳбатида сунъий интеллект технологияларининг замонавий журналистикага таъсири муҳокама қилинди.

Тадбир давомида иштирокчилар сунъий интеллект технологиялари ривожланиши ва медиа соҳасининг барқарорлиги ўртасидаги мувозанатни қандай сақлаш, йирик технологик платформаларнинг ўсиб бораётган таъсири шароитида оммавий ахборот воситалари эркинлигини қандай таъминлаш масалаларини муҳокама қилдилар.

Ўтган йили Тошкентда бўлиб ўтган ЕХҲТнинг Марказий Осиё медиа-конференциясида тақдим этилган ЕХҲТнинг ОАВ эркинлиги масалалари бўйича вакилининг қўлланмасига алоҳида эътибор қаратилди.

“Йирик технологик платформалар ва сунъий интеллект даврида ОАВ эркинлигини ҳимоя қилиш” деб номланган ушбу қўлланмада, ЕХҲТ мажбуриятларига таянган ҳолда, манфаатдор томонлар ўртасида пухта ва атрофлича муҳокамалар олиб бориш, шунингдек, ОАВ плюрализми ва мустақиллигини қўллаб-қувватлаш ҳамда ахборотни бузиб талқин қилиш, чалғитиш ва жамиятда бўлинишларни келтириб чиқаришга қарши курашишга қаратилган проактив сиёсатларни кўриб чиқиш зарурлиги таъкидланади.

Журналистиканинг тақдири яна бир муҳим мавзу бўлди. Иштирокчиларнинг сўзларига кўра, сунъий интеллект таҳририятларга ёрдам бериши мумкин - масалан, кундалик вазифаларни автоматлаштириш ёки маълумотлар билан ишлашни тезлаштириш. Лекин у журналистнинг ўрнини тўлиқ боса олмайди.

Конференция давлат органлари, технология компаниялари, журналистлар ва фуқаролик жамияти ўртасида очиқ мулоқотга чақириқ билан якунланди. Иштирокчилар оммавий ахборот воситаларининг келажаги нафақат технологияларга, балки рақамли асрда одамлар қандай қадриятларни сақлаб қолиши мумкинлигига ҳам боғлиқ деган якдил фикрга келишди.

Энг сўнгги янгиликлардан хабардор бўлинг
Телеграм каналимизга обуна бўлинг