Депутатлар экстремизмга қарши курашни кучайтириш тўғрисидаги қонунни маъқулладилар
Депутатлар экстремизмга қарши курашни кучайтириш тўғрисидаги қонунни маъқулладилар
Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг навбатдаги йиғилишида депутатлар экстремизмга қарши кураш самарадорлигини оширишга қаратилган бир қатор қонун ҳужжатларига ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш тўғрисидаги қонун лойиҳасини иккинчи ўқишда кўриб чиқдилар.
Таъкидланганидек, бугунги кунда экстремистик ва террорчилик ташкилотлари ахборот технологиялари ҳамда Интернет тармоқларидан фойдаланиб, айниқса, ёшларни зўравонликка жалб этишга уринаётгани кузатилмоқда. Шу боис, амалдаги қонунчиликни замон талаблари асосида такомиллаштириш жуда муҳим. Профилактика чора-тадбирларини кучайтириш, масъул идоралар ўртасидаги ҳамкорликни янада мустаҳкамлаш кун тартибидаги долзарб вазифадир.
Мазкур қонун лойиҳаси мамлакатимизда тинчлик ва осойишталикни мустаҳкамлаш, тажовузкор уринишларнинг олдини олиш, ёшларни турли зарарли таъсирлардан ҳимоя қилишга қаратилгани билан аҳамиятлидир.
Ҳужжат билан Жиноят кодекси ҳамда Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексга жамоат хавфсизлиги ва тартибига таҳдид солувчи материалларни тайёрлаш, сақлаш, тарқатиш ёки намойиш этиш билан боғлиқ ҳуқуқбузарликлар учун жавобгарлик чораларини такомиллаштириш назарда тутилмоқда.
Шунингдек, “Экстремизмга қарши курашиш тўғрисида”ги қонунга экстремизмнинг олдини олиш, бу ҳақда хабар берган шахсларни рағбатлантириш ва ҳимоя қилиш, экстремистик ташкилотларни белгилаш тартибларини ҳуқуқий жиҳатдан мустаҳкамлашга қаратилган нормалар киритилмоқда.
“Ахборот эркинлиги принциплари ва кафолатлари тўғрисида”ги, “Ахборотлаштириш тўғрисида”ги, “Ҳуқуқбузарликлар профилактикаси тўғрисида”ги, “Ёшларга оид давлат сиёсати тўғрисида”ги, “Таълим тўғрисида”ги, “Аҳоли бандлиги тўғрисида”ги, “Ноширлик фаолияти тўғрисида”ги, “Аҳолига психологик ёрдам кўрсатиш тўғрисида”ги ҳамда “Маданий бойликларнинг олиб чиқилиши ва олиб кирилиши тўғрисида”ги қонунларга ҳам тегишли ўзгартириш ва қўшимчалар киритиляпти.
Анвархон ТЕМИРОВ, Коррупцияга қарши курашиш ва суд-ҳуқуқ масалалари қўмитаси аъзоси: Қонун лойиҳаси долзарб аҳамиятга эга бўлиб, экстремизмга қарши курашиш тизимини янада такомиллаштиради, профилактика ишлари самарадорлигини оширади. Жамиятда тинчлик, тотувлик, бағрикенглик, ўзаро ҳурмат муҳитини янада мустаҳкамлашга ҳуқуқий замин бўлади.
Мажлисда қонун лойиҳаси қабул қилинди ва Сенатга юборилди.