Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — 31 октябрь куни Бухорода Европа Иттифоқининг молиявий кўмагида «Яшил дипломатия ҳафталиги — 2026» кампанияси доирасида Yaşil Uyim экофестивали бўлиб ўтади.
Фестиваль дастуридан маърифий тадбирлар, интерактив маҳорат дарслари, муҳокамалар, илмий машғулотлар ва мусиқий чиқишлар ўрин олган. Ташкилотчилар атроф-муҳитни муҳофаза қилиш масалаларига эътиборни қаратиш ва кундалик ҳаётда экологик одатларни оммалаштиришни мақсад қилган.
Катталар ва ёшлар учун асосий дастур соат 12:00 да DJ чиқиши ва совринлар ўйини билан бошланади. Соат 13:00 да имо-ишора тили мутахассиси Эъзоза Аҳмедова инклюзив мулоқот бўйича кириш машғулотини ўтказади. Шундан сўнг иштирокчилар «Орзуларимиздаги шаҳар» жамоавий ўйинида қатнашиши мумкин.
Соат 15:00 да экологик фаол ва фестиваль ташкилотчиси Мўтабар Хушвақтова пластик чиқиндилар билан муомала қилиш масалаларига бағишланган «Пластик — муаммоми?» интерактив сессиясини ўтказади. Шу билан бир вақтда журналист ва ҳужжатли фильмлар муаллифи, 2023 йилда Европа Иттифоқи Ёшлар маслаҳат кенгаши аъзоси бўлган Шаҳзода Миракова инглиз тилида экофеминизм ҳамда иқлим ўзгаришининг эркаклар ва аёлларга таъсири ҳақида муҳокама ташкил этади.
Мусиқий дастур соат 17:00 дан 18:00 гача давом этади. Меҳмонлар олдида Ўзбекистон халқ артисти Мансур Тошматов ҳамда «Келажак бунёдкори» медали соҳиби, Ovoz (The Voice Uzbekistan) телевизион лойиҳасининг иккинчи мавсуми иштирокчиси Севара Тўланова чиқиш қилади.
Болалар ва ота-оналар учун илмий тажрибалар, робототехника машғулотлари, нейромотор кўникмаларни ривожлантиришга қаратилган ўйинлар ҳамда болани мактабга стресссиз тайёрлаш бўйича амалий тавсиялар тайёрланади.
Соат 13:00 дан 16:00 гача ташриф буюрувчилар илмий зонага, экологик маҳсулотлар ярмаркасига бориши, китоб алмашинувида қатнашиши ва шахмат ўйнаши мумкин. Махсус йиғиш пунктларида ишлатилган батарейкалар, фойдаланилган ўсимлик ёғи, қоғоз, пластик пакетлар ва алюминийни топшириш имконияти ҳам бўлади.
Фестиваль экологик хабардорликни ошириш, иқлим ташаббусларини қўллаб-қувватлаш ва барқарор ривожланишни илгари суришга қаратилган «Яшил дипломатия ҳафталиги — 2026» кампанияси доирасида ўтказилмоқда. Ташкилотчилар тадбир иштирокчиларга уйда ва ўз жамоаларида атроф-муҳитга салбий таъсирни камайтиришнинг амалий усулларини топишга ёрдам беради, деб умид қилмоқда.
Экофестиваль 31 октябрь куни Бухоро шаҳри, Тагбандбофон кўчаси, 3-уйда жойлашган Plove ресторанида бўлиб ўтади. Асосий дастур соат 12:00 дан 18:00 гача, очиқ тадбирлар эса соат 13:00 дан 16:00 гача давом этади.