Бразилия ЖЧ-2026ни Марокашга қарши дуранг билан бошлади
Бразилия ЖЧ-2026ни Марокашга қарши дуранг билан бошлади
Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Бразилия терма жамоаси футбол бўйича 2026 йилги жаҳон чемпионати гуруҳ босқичидаги илк учрашувида ғалаба қозона олмади ва Марокаш жамоаси билан 1:1 ҳисобида дуранг ўйнади.
С гуруҳидан ўрин олган баҳс Ист-Ратерфорд шаҳрида бўлиб ўтди. Марокашликлар 21-дақиқада Исмаэль Сайбарининг голи эвазига ҳисобни очди. Бироқ орадан 11 дақиқа ўтиб Винисиус Жуниор мувозанатни тиклади. Бразилия терма жамоаси ҳужумчиси Неймар жароҳати сабабли ўйинда иштирок этмади.
Бразилия жамоасининг асосий таркибида Санкт-Петербургнинг «Зенит» клуби ҳимоячиси Дуглас Сантос майдонга тушди. Иккинчи бўлимда эса Россия чемпионатининг яна бир вакили — ҳужумчи Луис Энрике захирадан ўйинга қўшилди.
Биринчи тур якунларига кўра, С гуруҳида етакчиликни Фоксборо шаҳрида Гаити устидан 1:0 ҳисобида ғалаба қозонган Шотландия терма жамоаси эгаллади. Учрашувдаги ягона голни 28-дақиқада Жон Макгинн киритди.
Гаити терма жамоаси сафида Москванинг «Локомотив» ва Санкт-Петербургнинг «Зенит» клубларида тўп сурган Вильсон Изидор жаҳон чемпионатларидаги дебютини ўтказди. Ҳужумчи асосий таркибда майдонга тушиб, 76-дақиқада алмаштирилди.
Иккинчи турда 19 июнь куни Шотландия Марокашга қарши баҳс олиб боради, Гаити эса Бразилия билан учрашади. Бразилияликлар гуруҳ босқичидаги сўнгги ўйинини 25 июнь куни Шотландияга қарши ўтказади.
D гуруҳида эса биринчи тур ғалабасини Австралия терма жамоаси қўлга киритди. Ванкувер шаҳрида бўлиб ўтган баҳсда австралияликлар Туркияни 2:0 ҳисобида мағлуб этди. Голларга Нестори Иранкунда ва Коннор Меткалф муаллифлик қилди.
Мағлубиятга қарамай, Туркия жамоаси ҳужумда юқори фаоллик кўрсатиб, рақиб дарвозаси томон 30 марта зарба берди, шулардан саккизтаси дарвоза томон аниқ йўналтирилди.
Австралия кейинги ўйинини 19 июнь куни АҚШга қарши ўтказади. Туркия терма жамоаси эса шу куни Парагвайга қарши майдонга тушади.
2026 йилги жаҳон чемпионати футбол тарихида илк бор 48 та миллий терма жамоа иштирокида ўтказилмоқда. Турнир мезбонлари АҚШ, Канада ва Мексика ҳисобланади. Мусобақа 11 июнь куни бошланган бўлиб, 19 июль куни якунланади.