Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — BMB HOLDING Евроосиё тараққиёт банки (ЕОТБ) билан инвестиция лойиҳаларини молиялаштириш ва хорижий инвестицияларни жалб қилиш имкониятларини муҳокама қилди. Бу ҳақда BMB HOLDING матбуот хизмати хабар берди.
BMB HOLDING Таъсисчилар кенгаши раиси Бекзод Маматқуловнинг ЕОТБ бошқаруви раиси Николай Подгузов билан учрашуви 26 ноябрь куни бўлиб ўтди.
Томонлар банкнинг холдинг йирик лойиҳаларини, жумладан, келгусида амалга ошириш режалаштирилган ташаббусларни молиялаштириш имкониятларини кўриб чиқди. Шунингдек, хорижий инвестицияларни жалб қилиш ва истиқболли таклифларни қўллаб-қувватлаш масалалари муҳокама қилинди.
Иштирокчилар ЕОТБ билан ҳамкорлик алоқаларини ўрнатиш, инвестиция таклифларини биргаликда кўриб чиқиш ҳамда томонларнинг салоҳиятини ҳисобга олган ҳолда лойиҳаларни тайёрлаш масалаларига алоҳида эътибор қаратди.
BMB HOLDING маълумотларига кўра, ЕОТБ Ўзбекистон билан ҳамкорликни кенгайтиришни устувор йўналишлардан бири сифатида кўриб чиқмоқда. 2027 йилда банк мамлакатдаги лойиҳаларни молиялаштириш учун камида 500 миллион доллар йўналтиришни режалаштирган.
Айни пайтда ЕОТБ Ўзбекистондаги 10 та истиқболли лойиҳани кўриб чиқмоқда. Уларнинг умумий қиймати 1 миллиард доллардан ошиши мумкин. 2031 йилга келиб банкнинг мамлакат иқтисодиётига киритган инвестициялари умумий ҳажми 3 миллиард долларга етиши кутилмоқда.
Банк ҳамкорликнинг асосий йўналишлари сифатида транспорт ва логистика инфратузилмасини ривожлантириш, сув-энергетика барқарорлигини таъминлаш ҳамда саноат кооперациясини белгилаган. Шунингдек, рақамлаштириш, кичик ва ўрта бизнесни қўллаб-қувватлаш ҳамда экспорт салоҳиятини ошириш ҳам устувор йўналишлар қаторига киради.
Бундан ташқари, томонлар «яшил» ва исломий молиялаштиришни ривожлантириш имкониятларини ҳам кўриб чиқмоқда.
Учрашув якунида иштирокчилар инвестиция таклифларини биргаликда ўрганиш, истиқболли лойиҳаларни молиялаштириш имкониятларини баҳолаш ва аниқ йўналишлар бўйича ҳамкорликни давом эттиришга келишиб олди.