Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Ўзбекистон ташқи ишлар вазири Бахтиёр Саидов 7 октябрь куни Туркманистоннинг «Аваза» миллий сайёҳлик зонасида бўлиб ўтган Мустақил Давлатлар Ҳамдўстлиги Ташқи ишлар вазирлари кенгашининг навбатдаги йиғилишида иштирок этди.
Йиғилишнинг тор ва кенгайтирилган форматларида ташқи сиёсат идоралари раҳбарлари халқаро ва минтақавий кун тартибидаги долзарб масалалар, шунингдек, МДҲ доирасида кўп томонлама ҳамкорликни янада ривожлантириш истиқболлари юзасидан фикр алмашдилар.
Иштирокчилар МДҲ Давлат раҳбарлари кенгашининг бўлажак йиғилишига тайёргарлик масалаларига алоҳида эътибор қаратдилар.
Учрашувлар давомида ҳамдўстлик мамлакатлари ўртасида савдо-иқтисодий алоқаларни кенгайтиришга қаратилган таклиф ва ташаббуслар ҳам илгари сурилди.
Устувор йўналишлар сифатида самарали транспорт-логистика занжирларини шакллантириш, гуманитар ва ёшлар алмашинувларини фаоллаштириш ҳамда рақамли ҳамкорликни ривожлантириш қайд этилди.
Бундан ташқари, йиғилиш иштирокчилари замонавий чақириқлар ва хавфсизликка таҳдидларга биргаликда қарши курашиш масалаларини муҳокама қилдилар.