Ўзбекистон Иқтисод Молия Технологиялар Маданият Спорт Туризм Дунё Media OutReach Newswire
Ўзбекистон

B2 сертификати йўқ ўқитувчиларни ишдан бўшатиш таклиф этилди

UzDaily таҳририяти · 29.07.2026 · 13:00 · 19 views
B2 сертификати йўқ ўқитувчиларни ишдан бўшатиш таклиф этилди
B2 сертификати йўқ ўқитувчиларни ишдан бўшатиш таклиф этилди / Фото: Сурат сунъий интеллекти ёрдамида яратилган.

Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Ўзбекистонда Вазирлар Маҳкамасининг 2021 йил 19 майдаги 312-сон «Хорижий тилларни ўрганишни оммалаштириш чора-тадбирларини самарали ташкил этиш тўғрисида»ги қарорига ўзгартишлар киритишни назарда тутувчи қарор лойиҳаси жамоатчилик муҳокамасига қўйилди.

Лойиҳага кўра, 312-сон қарорнинг 9-бандини янги олтинчи хатбоши билан тўлдириш таклиф этилмоқда. Унда талаб этиладиган сертификатга эга бўлмаган ходимлар билан тузилган меҳнат шартномалари меҳнат қонунчилигида белгиланган тартибда бекор қилиниши белгиланмоқда. Амалдаги олтинчи хатбошини эса еттинчи хатбоши деб ҳисоблаш таклиф этилган.

Ҳужжатда гап хорижий тил ўқитувчилари миллий сертификатнинг B2 даражасига ёки унга тенглаштирилган халқаро сертификатга эга бўлишига қўйиладиган талаб ҳақида бормоқда. Лойиҳага кўра, бундай ҳужжатнинг мавжуд эмаслиги меҳнат шартномасини бекор қилиш учун асос бўлади.

Қарор лойиҳаси Regulation.gov.uz порталида жамоатчилик муҳокамаси учун жойлаштирилган. Эътироз ва таклифларни қабул қилиш муддати 12 августга қадар белгиланган.

Шуни алоҳида таъкидлаш керакки, ҳозирда ҳужжат қарор лойиҳаси мақомига эга бўлиб, ҳали кучга кирган қарор ҳисобланмайди.

=