Афғонистонда Ҳайратон-Мозори-Шариф линиясида янги темир йўл порти очилди
Афғонистонда Ҳайратон-Мозори-Шариф линиясида янги темир йўл порти очилди
Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — 2026 йил 21 май куни “Ўзбекистон темир йўллари” АЖ делегасиясининг Афғонистоннинг Мозори-Шариф шаҳрига ташрифи амалга оширилди. Ташрифнинг муҳим воқеаларидан бири сифатида «Ҳайратон-Мозори-Шариф» темир йўл линиясида қурилиш ва тиклаш ишлари якунланган Мозори-Шариф 5-сонли Портининг тантанали очилиш маросими бўлиб ўтди.
Маросимда Ўзбекистон ва Афғонистон томонидан расмий вакиллар иштирок этиб, икки давлат ўртасидаги темир йўл соҳасидаги ҳамкорликнинг самараси, амалга оширилаётган лойиҳалар бутун минтақа транспорт-коммуникасия тизимини мустаҳкамлашга хизмат қилишини таъкидлади.
Тадбир доирасида фойдаланишга топширилган 5-сонли Портга биринчи поэзд таркиби қабул қилинди ва юк тушириш ишларига расман старт берилди. Ушбу воқеа портнинг амалий фаолияти бошланганини англатиб, келгусида юк ташиш ҳажмини янада ошириш учун муҳим замин яратди.
Ташриф давомида “Ўзбекистон темир йўллари” АЖ раҳбари Z.G.Narzullaev Афғонистон Бош вазирининг иқтисодий масалалар бўйича муовини Мулла Абдулғани Бародар билан ҳам музокаралар ўтказди. Учрашувда «Ҳайратон-Мозори-Шариф» темир йўл линияси ўтказувчанлик қобилиятини янада ошириш муҳокама қилинди.
Наибобод станцияси ҳудудида қўшимча 1650 метрлик шаҳобча йўли қуриш лойиҳаси муҳокама қилинди. Лойиҳа юк вагонларини қайта ишлаш ҳажмини ошириш, вагонларнинг туриб қолиш вақтини қисқартириш ва темир йўл инфратузилмасининг самарадорлигини янада юксалтиришга хизмат қилади.
Афғонистон Бош вазирининг иқтисодий масалалар бўйича муовини Мулла Абдулғани Бародар мазкур ташаббусларни юқори баҳолаб, Жамоат ишлари вазирлиги мутасаддиларига Ўзбекистон томони билан ҳамкорликда техник ва қурилиш ишларини тезкор ташкил этиш бўйича кўрсатмалар берди.
Ўз навбатида, Афғонистон Жамоат ишлари вазири ҳам юк ташиш ҳажмларини янада кўпайтириш муҳим вазифа эканлигини таъкидлаб, бу борада қўшимча чора-тадбирларни амалга оширилаётгани, Афғонистон томони барча келаётган юкларни ўз вақтида қабул қилиш ва тушириш ишларини таъминлашга тайёр экани билдирди.
Бугунги кунда “Ўзбекистон темир йўллари” АЖ ҳамда “Sogdiana Trans” МЧЖ томонидан амалга оширилаётган ишлар натижасида «Ҳайратон-Мозори-Шариф» темир йўл линияси минтақа иқтисодий тараққиётининг муҳим драйверларидан бирига айланиб бормоқда. Янги инфратузилма объектларининг ишга туширилиши эса юк ташиш ҳажмини янада кўпайтириш, транспорт хизматлари сифатини ошириш ва Ўзбекистон ҳамда Афғонистон ўртасидаги савдо-иқтисодий алоқаларни янги босқичга олиб чиқишга хизмат қилади.