Toşkent, Özbekiston (UzDaily.uz) — Евроосиё тараққиёт банки (ЕОТБ) 2027 йилда Ўзбекистондаги лойиҳаларга камида 500 миллион доллар инвестиция киритишни режалаштирмоқда. 2031 йилга келиб, банкнинг мамлакатдаги жами инвестициялари ҳажми 3 миллиард долларга етиши мумкин. Бу ҳақда Евроосиё тараққиёт банки хабар берди.
Ушбу режалар ЕОТБ Бошқаруви раиси Николай Подгузов ва Ўзбекистон Бош вазири ўринбосари Жамшид Хўжаев ўртасидаги учрашувда муҳокама қилинди. Мулоқот давомида инвестициявий ҳамкорлик истиқболлари ҳамда банкнинг 2027–2031 йилларга мўлжалланган Мамлакат стратегияси ҳам кўриб чиқилди.
Николай Подгузовнинг сўзларига кўра, айни пайтда ЕОТБ Ўзбекистонда амалга оширилиши мумкин бўлган 10 та лойиҳани ўрганмоқда. Уларга киритилиши мумкин бўлган инвестицияларнинг умумий ҳажми 1 миллиард доллардан ошиши мумкин.
«Ўзбекистон ЕОТБ инвестиция фаолиятининг асосий йўналишларидан бири ҳисобланади. 2027 йилда Ўзбекистондаги лойиҳаларга камида 500 миллион доллар инвестиция киритишни режалаштирмоқдамиз. Ҳозирда инвестициялар ҳажми 1 миллиард доллардан ошиши мумкин бўлган 10 та истиқболли лойиҳани кўриб чиқмоқдамиз.
Суверен бўлмаган молиялаштириш инструментларидан фойдаланиш давлатнинг тўғридан-тўғри қарз юкини оширмаган ҳолда хусусий ва халқаро капитални жалб қилиш имконини беради», — деди ЕОТБ Бошқаруви раиси.
Томонлар келгусидаги ҳамкорликнинг бешта асосий йўналишини белгилаб олди. Улар қаторига транспорт-логистика инфратузилмаси, сув-энергетика барқарорлиги, саноат ва ишлаб чиқариш кооперацияси киради. Шунингдек, рақамлаштириш ва молиявий инструментларни кенгайтириш ҳам устувор йўналишлар сифатида белгиланди.
Сўнгги йўналиш кичик ва ўрта бизнесни қўллаб-қувватлаш, экспортни молиялаштиришни ривожлантириш, яшил ва исломий молиялаштириш имкониятларини кенгайтиришни назарда тутади.
Учрашув иштирокчилари давлат компаниялари ва хусусий инвесторлар билан ҳамкорлик масалаларини ҳам муҳокама қилди. Хусусан, лойиҳавий молиялаштириш ва синдикатлаштирилган кредитлаш механизмларини қўллаш масалаларига эътибор қаратилди.
Ўзбекистон 2025 йилда ЕОТБга қўшилди. Аъзоликка қабул қилинганидан сўнг мамлакат банкнинг устав капиталидаги 10 фоизлик улуши билан учинчи йирик акциядорига айланди.
2026 йил май ойида ЕОТБ Тошкентда ўз ваколатхонасини очди ва Ўзбекистондаги операцион фаолиятини бошлади.
ЕОТБ — Евроосиё ҳудудида фаолият юритувчи кўп томонлама тараққиёт банки. У 20 йилдан буён иқтисодий алоқаларни мустаҳкамлаш ва аъзо мамлакатларни ривожлантиришга кўмаклашиб келмоқда.
2026 йил июнь ойи охири ҳолатига кўра, банкнинг жамғарилган лойиҳалар портфели умумий қиймати 22,1 миллиард доллар бўлган 348 та лойиҳани қамраб олган. Инвестицияларнинг асосий қисми транспорт инфратузилмаси, рақамли тизимлар, яшил энергетика, қишлоқ хўжалиги, саноат ва машинасозлик соҳаларидаги интеграцион самарага эга лойиҳаларга тўғри келади.
ЕОТБ ўз фаолиятида БМТнинг Барқарор ривожланиш мақсадлари ва ESG тамойилларига амал қилади.
Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистон 2025 йилда Евроосиё тараққиёт банкига (ЕОТБ) аъзо бўлиб, банк устав капиталидаги 10 фоизлик улуш билан унинг учинчи йирик акциядорига айланган. 2026 йил май ойида эса Тошкентда банк ваколатхонаси очилган.