Ўзбекистон Иқтисод Молия Технологиялар Маданият Спорт Туризм Дунё Media OutReach Newswire
Ўзбекистон

Юнусободда Ниёзбек йўлида ҳаракат схемаси ўзгартирилди

Дилафруз Ниязова · 11.04.2026 · 17:36 · 182 views
Юнусободда Ниёзбек йўлида ҳаракат схемаси ўзгартирилди
Юнусободда Ниёзбек йўлида ҳаракат схемаси ўзгартирилди

Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Тошкент шаҳрининг Юнусобод туманида Ниёзбек йўли кўчасида йўл ҳаракатини ташкил этиш тартибига ўзгартишлар киритилди. Қарор транспорт юкламасини камайтириш ва «Буюк Турон» маҳалласи аҳолиси, айниқса таълим муассасаси яқинида яшовчилар хавфсизлигини ошириш мақсадида қабул қилинган.

Янги схемага мувофиқ, Ниёзбек йўлининг 43-мактаб ҳудудига туташ қисмида бир томонлама ҳаракат жорий этилди.

Энди транспорт воситалари Чингиз Айтматов кўчасидан Амир Темур шоҳкўчаси томон ҳаракатланади.

Шунингдек, ушбу кўчага чиқиш тартиби ҳам ўзгартирилди. Энди Ниёзбек йўлига Амир Темур шоҳкўчаси томонидан ушбу кўчанинг учинчи йўлаги орқали кириш мумкин. Мўлжал сифатида «PAUL» объекти кўрсатилган.

Ҳозирда туман ободонлаштириш бошқармаси ходимлари ЙҲХБ бўлинмалари билан ҳамкорликда зарур йўл белгилари, жумладан асосий ва қўшимча кўрсаткичларни ўрнатиш ишларини олиб бормоқда.

Ҳайдовчиларга киритилган ўзгаришларни инобатга олиш, янги йўл белгиларига амал қилиш ва янгиланган ҳаракат схемасига қатъий риоя этиш тавсия этилади.

Қабул қилинган чора-тадбирлар транспорт оқимларини тартибга солиш ва пиёдалар хавфсизлигини оширишга қаратилган.