ЙҲТЕМ Тошкентда йўллар юкламасини 6 баллда ушлаб турди
Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Тошкент кўчаларида транспорт оқими янги ўқув йилининг биринчи куни — 2 сентябрь куни одатий иш куни бўлган 24 августга нисбатан 30 фоизга ошди.
Автомобиллар сони кўпайганига қарамай, шаҳар бўйича йўллар тирбандлиги кўрсаткичини 6 балл даражасида ушлаб туришга эришилди. Бу ҳақда Тошкент шаҳар Йўл ҳаракатини ташкил этиш маркази (ЙҲТЕМ) хабар берди.
Пойтахтнинг айрим ҳудудларида ҳаракат секинлашган бўлсада, тирбандликнинг кескин ортишига йўл қўйилмади.
ЙҲТЕМ маълум қилишича, транспорт оқимининг 30 фоизга ошиши ўзаро боғланган чорраҳалар тармоғига сезиларли юклама юклайди. Чунки уларнинг ўтказувчанлик қобилияти чегарага яқинлашганда, автомобиллар сонининг озгина кўпайиши ҳам навбатларнинг сезиларли даражада узайишига олиб келиши мумкин.
Йўллардаги вазиятни назорат қилиш Тошкент шаҳар ЙҲТЕМнинг Вазиятлар маркази орқали амалга оширилади. Рақамли тизимга шаҳарнинг деярли барча асосий тартибга солинадиган чорраҳалари уланган. Мутахассислар реал вақт режимида транспорт ҳаракати, светофорларнинг ишлаши, навбатларнинг шаклланиши ва жамоат транспорти ҳаракатини кузатиб боради.
Эрталабки, кундузги ва кечки вақт оралиқлари, шунингдек, таълим муассасалари атрофидаги ва энг кўп юкланган магистраллардаги вазият алоҳида таҳлил қилинади. Бундай мониторинг маҳаллий қийинчилик қўшни кўчаларга тарқалишидан олдин навбатларнинг ортиб бораётганини аниқлаш имконини беради.
Навбат узайганида мутахассислар ҳаракат интенсивлиги ва туташ ҳудудлардаги вазиятни баҳолайди. Вазиятга қараб яшил сигнал давомийлиги тузатилади, светофор фазалари ўзгартирилади ва қўшни светофорларнинг ишлаши синхронлаштирилади. Ўзгартишлар киритилганидан кейин натижани баҳолаш учун ҳаракат кузатишда давом этади.
Агар тирбандликка йўл-транспорт ҳодисаси, тўхтаб қолган автомобиль, ҳаракат полосасининг тўсилиши, йўл ишлари ёки тўхташ қоидаларининг бузилиши сабаб бўлса, маълумот Тошкент шаҳар ИИБ Жамоат хавфсизлиги бошқармаси Жамоат хавфсизлиги хизмати Йўл ҳаракати хавфсизлиги бошқармаси ходимларига етказилади. Зарур ҳолларда воқеа жойида қўлда тартибга солиш, ҳаракат полосасини бўшатиш ёки хавфсиз айланма йўлни ташкил этиш ишлари амалга оширилади. Шунингдек, йўл, коммунал, авария ва бошқа ихтисослаштирилган хизматлар ҳам ишга жалб қилиниши мумкин.
Ишларни мувофиқлаштириш учун Вазиятлар марказида Тошкент шаҳар ЙҲТЕМ, Тошкент шаҳар Транспорт ва йўл-транспорт инфратузилмасини ривожлантириш бош бошқармаси, Тошкент шаҳар ИИБ Жамоат хавфсизлиги бошқармаси Жамоат хавфсизлиги хизмати Йўл ҳаракати хавфсизлиги бошқармаси ҳамда жамоат транспорти диспетчерлик хизматлари вакилларидан иборат ишчи гуруҳ фаолият юритади. Унинг ишида муҳандислар, транспорт моделлаштириш бўйича мутахассислар, таҳлилчилар ва дастурчилар ҳам иштирок этади.
Ўзбекистонлик мутахассислар билан биргаликда йўллардаги вазиятни хорижий экспертлар ҳам таҳлил қилмоқда. Улар транспорт оқимларининг тақсимланиши, тирбандликлар юзага келиш сабаблари ва қабул қилинаётган қарорларнинг самарадорлигини ўрганмоқда.
ЙҲТЕМ маълум қилишича, яқин кунларда мониторинг кучайтирилган тартибда давом эттирилади.
Олий таълим муассасалари, академик лицейлар, техникумлар ва бошқа таълим муассасаларида дарслар бошланиши билан шаҳар йўлларига тушадиган транспорт юкламаси босқичма-босқич ошиши мумкин.