Янги уйларда оптик толали интернет мажбурий бўлади
Янги уйларда оптик толали интернет мажбурий бўлади
Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев давлат бошқарувининг интеграциялашган рақамли платформасини жорий этиш, стартаплар экотизимини ривожлантириш ва телекоммуникация соҳасидаги ишбилармонлик муҳитини такомиллаштириш бўйича таклифлар билан танишди.
Тақдимот якунлари бўйича давлат раҳбари тақдим этилган ташаббусларни маъқуллаб, рақамли хизматлар сифатини ошириш ва хусусий сектор учун қулай шарт-шароитлар яратиш чораларини кўриш бўйича топшириқлар берди.
Президент матбуот хизмати маълум қилишича, сўнгги йилларда мамлакатда аҳоли пунктларини телекоммуникация хизматлари билан қамраб олиш даражаси 41 фоиздан 98 фоизгача ошган. Интернет каналининг ўтказувчанлик қобилияти эса 65 баробарга кўпайган.
Шу билан бирга, соҳа ҳозирча маҳаллий тадбиркорлар учун етарлича жозибадор эмаслиги, шу сабабли олис ҳудудларда симли интернетдан фойдаланиш даражаси пастлигича қолаётгани қайд этилди.
Бизнес юритиш шарт-шароитларини яхшилаш мақсадида телекоммуникация тармоқларини лойиҳалаш ва қуриш бўйича лицензияларни бирлаштириш таклиф этилди. Бу ягона лицензияни олиш муддатини 25 иш кунидан 10 иш кунигача қисқартириш имконини беради.
Асосий ташаббуслардан бири сифатида кўп қаватли турар жой биноларини лойиҳалаш ва қуришда оптик толали алоқа инфратузилмасини мажбурий тарзда барпо этиш белгиланмоқда. Интернетга уланиш имконияти бино қурилиши жараёнининг ўзидаёқ назарда тутилади.
Бундан ташқари, телекоммуникация соҳасида ўз бизнесини йўлга қўйишни режалаштираётган ёшлар «Келажак тадбиркори» дастури доирасида имтиёзли молиялаштириш имкониятига эга бўлади. Дастурга мувофиқ, икки йиллик имтиёзли даврни ўз ичига олган ҳолда, етти йил муддатга йиллик 15 фоиз ставкада 530 миллион сўмгача кредитлар ажратилиши кўзда тутилган.
Шунингдек, мамлакатнинг олис ва бориш қийин бўлган ҳудудларида фаолият юритаётган тадбиркорлар учун имтиёзли тариф режаларини жорий этиш таклиф қилинмоқда.
Мазкур чора-тадбирлар телекоммуникация инфратузилмасини янада ривожлантириш ва аҳолининг замонавий рақамли хизматлардан фойдаланиш имкониятларини кенгайтиришга қаратилган.