Янги Ўзбекистонда қайта суғурта фаолиятини ривожлантириш йўллари
Анваржон Ғаффоров, «Oʻzbekiston qayta sugʻurta kompaniyasi» АЖ бош директори
Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Бугунги кунда жаҳон иқтисодиётида инвестициялар учун рақобат нафақат иқтисодий кўрсаткичлар, балки ҳуқуқий ва молиявий инфратузилманинг ривожланганлик даражаси билан ҳам белгиланмоқда. Шу нуқтаи назардан қайта суғурта тизими мамлакатнинг инвестициявий жозибадорлигини таъминловчи муҳим институционал механизмлардан бири ҳисобланади.
2026 йил июнь ойида бўлиб ўтган V Тошкент халқаро инвестиция форумида муҳокама қилинган масалалар таҳлили шуни кўрсатадики, инвесторлар қарор қабул қилишда лойиҳанинг иқтисодий самарадорлиги билан бир қаторда мамлакатда рискларни бошқариш тизимининг қай даражада ривожланганлигига ҳам алоҳида эътибор қаратадилар. Форум доирасида ўтказилган “Инвестицияларнинг ҳуқуқий архитектураси” мавзусидаги сессияларда таъкидланганидек, инвестицияларни жалб қилишда ҳуқуқий кафолатлар, мустақил низоларни ҳал этиш механизмлари, суғурта ва қайта суғурта институтлари ҳамда инвесторлар ишончи ҳал қилувчи аҳамиятга эга.
Йирик саноат, энергетика, транспорт, қурилиш ва инфратузилма лойиҳалари юқори даражадаги молиявий хавфлар билан боғлиқ бўлиб, уларнинг аксарияти самарали қайта суғурта ҳимоясини талаб этади. Шу сабабли халқаро амалиётда қайта суғурта бозорининг ривожланганлиги мамлакат инвестиция муҳитини баҳолашнинг муҳим мезонларидан бири сифатида қаралади.
Жаҳон банки, Халқаро валюта жамғармаси ҳамда Swiss Re Institute таҳлилларига кўра, миллий қайта суғурта тизими иқтисодиётнинг ташқи шокларга бардошлилигини оширади, инвесторлар учун қўшимча молиявий кафолатлар яратади ҳамда мамлакатнинг халқаро рейтингларига ижобий таъсир кўрсатади. Бу эса ўз навбатида тўғридан-тўғри хорижий инвестициялар ҳажмининг ортишига хизмат қилади.
Бозор иқтисодиёти шароитида суғурта тизими мамлакат иқтисодиётининг муҳим таркибий қисми ҳисобланади. Суғурта ташкилотлари турли хил хавфларни қабул қилиб, жисмоний ва юридик шахсларнинг мол-мулки ҳамда манфаатларини ҳимоя қилади. Бироқ айрим ҳолларда қабул қилинган рисклар ҳажмининг катталиги суғурта компанияларининг молиявий барқарорлигига салбий таъсир кўрсатиши мумкин. Бундай вазиятларда қайта суғурта механизми муҳим аҳамият касб этади. Қайта суғурта ташкилотларига қабул қилинган хавфларнинг муайян қисмини бошқа суғурта ёки қайта суғурта компанияларига ўтказиш имконини бериб, уларнинг молиявий барқарорлигини таъминлайди ҳамда йирик зарарларни қоплаш имкониятларини кенгайтиради.
Жаҳон амалиётида қайта суғурта бозори суғурта соҳасининг ажралмас қисми сифатида шаклланган бўлиб, иқтисодий хавфларни самарали бошқариш, инвестиция муҳитини яхшилаш ва молиявий барқарорликни таъминлашда муҳим ўрин тутади. Айниқса, глобаллашув жараёнлари, иқлим ўзгариши, табиий офатлар ва иқтисодий инқирозлар шароитида қайта суғурта тизимининг аҳамияти янада ортиб бормоқда.
Шу нуқтаи назардан қараганда, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2025 йил 23 майдаги ПҚ–191-сон қарори асосида миллий қайта суғурта ташкилоти — «Oʻzbekiston qayta sugʻurta kompaniyasi» акциядорлик жамиятининг ташкил этилиши мамлакат молиявий инфратузилмасини мустаҳкамлашга қаратилган муҳим институционал ислоҳот сифатида баҳоланиши мумкин. Ушбу ислоҳот маҳаллий суғурта бозоридаги рискларнинг муайян қисмини мамлакат ичида сақлаб қолиш, қайта суғурта мукофотларининг хорижга чиқиб кетишини қисқартириш ҳамда миллий иқтисодиётнинг инвестициявий салоҳиятини ошириш имконини беради.
Янги Ўзбекистонда қайта суғурта фаолиятини ривожлантиришнинг ҳуқуқий ва иқтисодий асосларини таҳлил қилиш, соҳадаги долзарб муаммоларни аниқлаш ҳамда уларни бартараф этиш юзасидан таклиф ва тавсиялар ишлаб чиқиш, шунингдек, миллий қайта суғурта бозорининг иқтисодиёт тармоқларини молиявий муҳофаза қилиш ва инвестициявий барқарорликни таъминлашдаги ўрни ҳамда аҳамиятини илмий-назарий жиҳатдан тадқиқ этиш муҳим илмий-амалий аҳамият касб этади.
Адабиётлар шарҳи. Қайта суғурта муносабатларининг ҳуқуқий ва иқтисодий жиҳатлари жаҳон ҳамда миллий илмий адабиётларда кенг ёритилган. Олимлар томонидан суғурта ва қайта суғуртанинг назарий асослари, рискларни тақсимлаш механизмлари, қайта суғурта бозорининг институционал ривожланиши, молиявий барқарорликни таъминлашдаги аҳамияти ҳамда миллий иқтисодиётни ҳимоя қилишдаги ролига доир қатор тадқиқотлар амалга оширилган. Ушбу илмий ишлар қайта суғурта фаолиятини такомиллаштиришнинг назарий ва амалий асосларини шакллантиришга хизмат қилмоқда.
Хорижий олимлардан К.Е. Райли ва Г.Е. Рид суғурта ҳамда қайта суғурта тизимининг иқтисодий моҳиятини ўрганиб, қайта суғурта суғурта компанияларининг молиявий барқарорлигини таъминлашнинг муҳим воситаси эканлигини таъкидлайдилар [1]. Уларнинг фикрича, қайта суғурта нафақат рискларни тақсимлаш, балки миллий иқтисодиётда инвестиция муҳитини яхшилаш ва капитал ҳаракатини фаоллаштиришга ҳам хизмат қилади.
Б. Берлинер ўз тадқиқотларида қайта суғурта бозорининг ривожланиши суғурта компанияларининг тўлов қобилиятини сақлаб қолиш ва катастрофик рискларни бошқариш имкониятларини кенгайтиришини асослаб берган [2]. Олимнинг таъкидлашича, замонавий иқтисодиёт шароитида қайта суғурта глобал молиявий хавфсизлик тизимининг муҳим бўғини ҳисобланади.
МДҲ мамлакатлари олимлари томонидан ҳам мазкур масала кенг тадқиқ қилинган. Хусусан, В.В. Шахов қайта суғуртани суғурта бозорининг институционал барқарорлигини таъминловчи муҳим механизм сифатида баҳолаб, миллий қайта суғурта компанияларини ривожлантириш зарурлигини таъкидлаган [3].
Ўзбекистонлик олимлардан Р.И.Юлдашев, Б.Ю.Ходиев ва бошқалар томонидан мамлакат суғурта бозорини ривожлантириш, суғурта хизматлари рақобатбардошлигини ошириш ҳамда қайта суғурта муносабатларини такомиллаштириш масалалари ўрганилган [4]. Уларнинг илмий ишларида миллий суғурта бозорини модернизация қилиш, рақамли технологияларни жорий этиш ва халқаро қайта суғурта компаниялари билан ҳамкорликни кенгайтириш муҳим вазифалар сифатида қайд этилган.
Сўнгги йилларда мамлакатимизда суғурта бозорини ислоҳ қилиш ва қайта суғурта фаолиятини ривожлантиришга қаратилган қатор норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар қабул қилинди. Уларда миллий қайта суғурта бозорини мустаҳкамлаш, суғурта ташкилотларининг капиталлашув даражасини ошириш ва халқаро стандартларни жорий этиш бўйича устувор вазифалар белгиланган [5].
Таҳлил ва натижалар. Янги Ўзбекистонда қайта суғурта бозорини ривожлантириш бўйича амалга оширилаётган ислоҳотлар таҳлили шуни кўрсатадики, сўнгги йилларда мазкур соҳанинг институционал ва ҳуқуқий асосларини мустаҳкамлашга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Суғурта бозорини либераллаштириш, суғурта ташкилотларининг молиявий барқарорлигини таъминлаш ҳамда халқаро стандартларни жорий этишга қаратилган норматив-ҳуқуқий ҳужжатларнинг қабул қилиниши қайта суғурта фаолиятини ривожлантириш учун қулай шарт-шароитлар яратмоқда.
Таҳлил натижаларига кўра, миллий суғурта компаниялари томонидан қабул қилинаётган йирик рисклар ҳажми йилдан-йилга ортиб бормоқда. Бу эса қайта суғурта хизматларига бўлган талабнинг изчил ўсишига олиб келмоқда. Айниқса, саноат, энергетика, транспорт ва қурилиш соҳаларида амалга оширилаётган йирик инвестиция лойиҳалари юқори даражадаги суғурта ҳимоясини талаб этмоқда. Бундай шароитда қайта суғурта компаниялари рискларни қайта тақсимлаш орқали суғурта ташкилотларининг молиявий барқарорлигини таъминлаш ва уларнинг тўлов қобилиятини мустаҳкамлашда муҳим аҳамият касб этмоқда [6].
Шу билан бирга, миллий қайта суғурта бозори фаолияти таҳлили соҳада айрим муаммолар мавжудлигини ҳам кўрсатмоқда. Хусусан, маҳаллий қайта суғурта компанияларининг капиталлашув даражаси айрим йирик ва юқори рискли суғурта объектларини мустақил равишда қайта суғурталаш учун етарли эмас. Натижада қайта суғурта мукофотларининг муайян қисми хорижий қайта суғурта компанияларига йўналтирилмоқда. Бу эса мамлакатдан валюта маблағларининг чиқиб кетишига ва миллий қайта суғурта бозорининг инвестиция салоҳияти тўлиқ рўёбга чиқмаслигига сабаб бўлмоқда.
Тадқиқот натижалари рақамли технологияларни жорий этиш ва рискларни баҳолашнинг замонавий усулларидан фойдаланиш қайта суғурта операциялари самарадорлигини оширишнинг муҳим омили эканлигини кўрсатди. Халқаро тажриба таҳлилига кўра, рақамли платформалар ва сунъий интеллект элементларидан фойдаланувчи қайта суғурта компаниялари рискларни баҳолаш аниқлигини ошириш, қарор қабул қилиш жараёнларини тезлаштириш ҳамда операцион харажатларни сезиларли даражада қисқартиришга эришмоқда. Шу боис миллий қайта суғурта бозорида рақамли трансформация жараёнларини жадаллаштириш соҳанинг рақобатбардошлиги ва самарадорлигини оширишнинг муҳим йўналишларидан бири ҳисобланади.
1-расм.[1]
Ўзбекистон қайта суғурталаш бозори ривожланишига таъсир этувчи омиллар (фоизларда)
1-расм маълумотларидан кўриниб турибдики, Янги Ўзбекистонда қайта суғурта бозорининг асосий кучли жиҳатлари давлат томонидан соҳани қўллаб-қувватлаш сиёсати ҳамда норматив-ҳуқуқий базанинг изчил такомиллаштириб борилаётгани билан тавсифланади. Айни пайтда, маҳаллий қайта суғурта компанияларининг капиталлашув даражаси айрим йирик рискларни мустақил равишда қабул қилиш учун етарли эмаслиги ва қайта суғурта операцияларининг маълум қисми хорижий қайта суғурта компаниялари иштирокида амалга оширилаётгани бозорнинг нисбатан заиф томонлари сифатида намоён бўлмоқда.
Таҳлил натижаларига кўра, қайта суғурта бозори ривожланишига таъсир кўрсатувчи асосий омиллар орасида қонунчилик ислоҳотлари етакчи ўринни эгаллаб, уларнинг таъсир даражаси 85 фоизни ташкил этган. Бу мамлакатда амалга оширилаётган ҳуқуқий ислоҳотларнинг соҳа тараққиёти учун ҳал қилувчи аҳамиятга эга эканлигини кўрсатади.
Шунингдек, суғурта ташкилотларининг капиталлашув даражаси (78 фоиз) ва рақамлаштириш жараёнлари (72 фоиз) ҳам қайта суғурта бозорининг ривожланишига сезиларли таъсир кўрсатувчи муҳим омиллар сифатида баҳоланган. Мазкур кўрсаткичлар қайта суғурта соҳасини ривожлантиришда институционал ва ҳуқуқий ислоҳотлар билан бир қаторда молиявий салоҳиятни мустаҳкамлаш, рақамли технологияларни жорий этиш ҳамда инновацион бошқарув механизмларидан самарали фойдаланиш муҳим аҳамият касб этишини тасдиқлайди.
Тадқиқот натижалари асосида қуйидаги устувор йўналишларни амалга ошириш мақсадга мувофиқ деб ҳисобланади:
• миллий қайта суғурта компанияларининг молиявий барқарорлиги ва риск қабул қилиш салоҳиятини ошириш мақсадида уларнинг устав капиталини босқичма-босқич кўпайтириш;
• халқаро рейтинг агентликлари билан ҳамкорликни кенгайтириш ҳамда миллий қайта суғурта ташкилотларининг халқаро молия бозорларидаги ишончлилик кўрсаткичларини юксалтириш;
• қайта суғурта соҳаси учун юқори малакали кадрлар тайёрлаш тизимини такомиллаштириш, хорижий таълим ва малака ошириш дастурларини кенгайтириш, шунингдек, халқаро тажрибага эга мутахассислар (экспатлар)ни жалб қилиш;
• рақамли технологиялар, катта маълумотлар (Big Data) ва сунъий интеллект асосида рискларни баҳолаш (андеррайтинг) ҳамда бошқаришнинг замонавий механизмларини жорий этиш;
• қайта суғурта мукофотларининг мамлакат ичида сақланиб қолиш улушини ошириш мақсадида миллий қайта суғурта бозорининг институционал ва молиявий имкониятларини кенгайтириш.
Демак, Янги Ўзбекистонда қайта суғурта фаолиятини ривожлантириш бўйича амалга оширилаётган ислоҳотлар миллий суғурта бозорининг барқарорлиги, молиявий хавфсизлиги ва рақобатбардошлигини оширишга хизмат қилаётганини кўрсатди. Шу билан бирга, соҳада халқаро стандартларни кенг жорий этиш, қайта суғурта компанияларининг молиявий салоҳиятини мустаҳкамлаш, замонавий рақамли технологиялардан самарали фойдаланиш ва инсон капиталини ривожлантириш миллий қайта суғурта бозорининг узоқ муддатли ва барқарор ўсишини таъминловчи муҳим омиллар ҳисобланади.
Хулоса. Тадқиқот натижалари шуни кўрсатадики, қайта суғурта тизими мамлакат суғурта бозорининг барқарор ривожланишини таъминлаш билан бир қаторда инвестиция муҳитини шакллантирувчи муҳим институционал омил ҳам ҳисобланади. Қайта суғурта механизмлари суғурта ташкилотларининг молиявий барқарорлигини мустаҳкамлаш, йирик рискларни самарали тақсимлаш ва эҳтимолий зарарларни қоплаш имкониятларини кенгайтиришга хизмат қилади.
V Тошкент халқаро инвестиция форумида билдирилган фикрлар ҳам шуни тасдиқладики, XXI асрда инвестицияларни жалб қилишнинг асосий шарти ҳуқуқий кафолатлар билан бир қаторда ишончли риск-менежмент тизимининг мавжудлигидир. Қайта суғурта тизими эса айнан ана шу ишончни иқтисодий жиҳатдан таъминловчи муҳим молиявий институт ҳисобланади.
Келгусида миллий қайта суғурта бозорини халқаро молия бозорлари билан янада интеграциялаштириш, халқаро рейтингларга эга миллий қайта суғурта ташкилотларини шакллантириш, рақамли технологияларни кенг жорий қилиш, Enterprise Uzbekistan, IT Park ва ташкил этилиши режалаштирилаётган Тошкент халқаро молия маркази билан ҳамкорликни ривожлантириш соҳанинг янги босқичга кўтарилишига хизмат қилади.
Умуман олганда, қайта суғурта бозорини ривожлантириш мамлакат молиявий тизимининг барқарорлигини таъминлаш, инвесторлар ишончини мустаҳкамлаш, иқтисодий хавфларни самарали бошқариш ва миллий иқтисодиётнинг узоқ муддатли тараққиётига хизмат қилувчи стратегик аҳамиятга эга вазифалардан бири ҳисобланади. [2; 5].
АНВАРЖОН ҒАФФОРОВ
«Oʻzbekiston qayta sugʻurta kompaniyasi» акциядорлик жамияти – миллий қайта суғурта ташкилоти бош директори
Фойдаланилган адабиётлар
- Мамлакатимизда қайта суғурта тизимини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида ПҚ-191-сон 23.05.2025.
- Rejda G.E., McNamara M. Principles of Risk Management and Insurance. – Boston: Pearson Education, 2022.
- Berliner B. Limits of Insurability of Risks. – New Jersey: Prentice Hall, 1982.
- Шахов В.В. Страхование. – М.: ЮНИТИ, 2018.
- Юлдашев Р.И. Суғурта бозорини ривожлантиришнинг иқтисодий механизмлари. – Т.: IQTISOD-MOLIYA, 2021.
- Berliner B. Limits of Insurability of Risks. – New Jersey: Prentice Hall, 1982. – 420 p.
- Swiss Re Institute. Sigma Reports ва глобал қайта суғурта бозори бўйича таҳлилий ҳисоботлар.
[1] Манба: Муаллиф ишланмаси асосида тузилди. Диаграммада қайта суғурталаш бозорининг ривожланишига таъсир қилувчи асосий омилларнинг нисбий аҳамияти акс эттирилган.