Ўзбекистон Иқтисод Молия Технологиялар Маданият Спорт Туризм Дунё Media OutReach Newswire
Молия

Humo тўлов тизими фойдаси 410,9 миллиард сўмга етди

UzDaily таҳририяти · 03.08.2026 · 17:41 · 36 views
Humo тўлов тизими фойдаси 410,9 миллиард сўмга етди
Humo тўлов тизими фойдаси 410,9 миллиард сўмга етди

Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Humo тўлов тизими оператори ҳисобланган «Миллий банклараро процессинг маркази» АЖнинг 2026 йил биринчи ярим йиллиги якунлари бўйича соф фойдаси 410,9 миллиард сўмни ташкил этди. Бу ўтган йилнинг шу даврига нисбатан 230,6 фоизга кўпдир.

Эълон қилинган молиявий ҳисоботга кўра, компаниянинг тушуми 224,9 миллиард сўмдан 663,7 миллиард сўмгача ошган.

Шу билан бирга, кўрсатилган хизматлар таннархи нисбатан секин суръатларда ўсиб, 38 миллиард сўмга кўпайган ва 102,7 миллиард сўмга етган. Натижада ялпи фойда 250,1 фоизга ошиб, 561 миллиард сўмни ташкил этган.

Биринчи ярим йиллик якунига кўра, компания активлари 865,1 миллиард сўмга етган бўлиб, бу бир йил аввалги кўрсаткичдан 50,5 фоизга юқори.

Компаниянинг ўз капитали 45 фоизга ошиб, 715,4 миллиард сўмга етган. Тақсимланмаган фойда ҳажми эса 65,6 фоизга ўсиб, 542,5 миллиард сўмни ташкил қилган.

Компаниянинг сўнгги 12 ойдаги фойдаси 599,1 миллиард сўмга етган бўлиб, бу ўтган йилга нисбатан 172,6 фоизга кўпдир.

2025 йил январь ойида Humo тизимидаги давлатнинг 100 фоиз улушини хусусийлаштириш бўйича савдоларда актив учун 65 миллион АҚШ доллари таклиф қилган Paynet компанияси ғолиб бўлган эди.