Ўзбекистон Иқтисод Молия Технологиялар Маданият Спорт Туризм Дунё Media OutReach Newswire
Ўзбекистон

Хоразмда жамоат транспорти тўлиқ электрон тўловга ўтади

UzDaily таҳририяти · 24.06.2026 · 11:45 · 24 views
Хоразмда жамоат транспорти тўлиқ электрон тўловга ўтади

Хоразмда жамоат транспорти тўлиқ электрон тўловга ўтади

Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Хоразм вилоятида жамоат транспортида йўл ҳақи тўлови тўлиқ электрон шаклга ўтказилади. Тегишли қарор ҳудуд ҳокими томонидан қабул қилинди.

Ўзбекистон Транспорт вазирлиги маълумотига кўра, ушбу янгилик хизматлар сифатини ошириш, молиявий оқимлар шаффофлигини таъминлаш, рақамли технологияларни жорий этиш орқали яширин иқтисодиётни бартараф этиш ҳамда аҳолини электрон тўлов тизимларидан фаол фойдаланишга рағбатлантиришга қаратилган.

Янги ҳисоб-китоб тизими икки босқичда амалга оширилади. Биринчи босқич 2026 йил 1 июлдан бошланади ва унда ШИ-4, ШИ-5, ШИ-7, ШИ-13, ШИ-18, ШИ-19 ва ШИ-28 шаҳар автобус йўналишларида нақд пулсиз тўлов мажбурий бўлади.

Шу босқичда Урганч ва Хива шаҳарларини боғловчи Т1 троллейбус йўналишида ҳам фақат электрон тўлов қабул қилинади. Иккинчи босқичда ҳудуддаги қолган барча автобус ва троллейбус йўналишлари қамраб олинади.

Йўловчи транспортини тўлиқ нақд пулсиз тизимга ўтказиш қонунчиликда белгиланган тартибда брутто-шартномалар расмийлаштирилгандан сўнг амалга оширилади. Шундан кейин нақд пул Хоразм вилояти жамоат транспортидан тўлиқ чиқарилади.

UzDaily таҳририяти · 👁 24 views · 24.06.2026 · 11:45