Хитойнинг Gaffluence компанияси Ўзбекистонда пойабзал ишлаб чиқаришни йўлга қўйишни режалаштирмоқда
Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — «UzCharmExpo-EurAsia-2025» халқаро кўргазмаси доирасида «Ўзчармсаноат» уюшмаси раиси ўринбосари М. Захидов Хитойнинг илғор пойабзал ишлаб чиқарувчиларидан бири – Gaffluence Company вакиллари билан музокаралар ўтказди.
Мулоқот давомида Gaffluence компанияси Ўзбекистон чарм-пойабзал саноатига кириб келиш бўйича аниқ стратегиясини тақдим этди. Дастлабки босқичда улар маҳаллий корхоналар билан аутсорсинг асосида ҳамкорлик қилиб, ўз технологиялари ва ишлаб чиқариш стандартларини жорий этишни режалаштирган. Бу босқич маҳаллий ишлаб чиқарувчилар учун катта тажриба ва билим алмашинуви имконини беради.
Кейинги босқичда эса компания Ўзбекистонда тўлиқ ишлаб чиқариш базасини барпо этиш ниятида. Бу эса мамлакатга хорижий инвестициялар оқимини, замонавий ускуналарнинг кириб келишини ва янги иш ўринлари яратишни таъминлайди.