Ўзбекистон Иқтисод Молия Технологиялар Маданият Спорт Туризм Дунё Media OutReach Newswire
Туризм

Хитойлик инвесторлар Фарғонада туризм лойиҳаларини амалга оширмоқдалар

UzDaily таҳририяти · 06.07.2026 · 15:35 · 21 views
Хитойлик инвесторлар Фарғонада туризм лойиҳаларини амалга оширмоқдалар

Хитойлик инвесторлар Фарғонада туризм лойиҳаларини амалга оширмоқдалар

Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Фарғона туманидаги “Қабуллар уйи”да вилоят ҳокими Хайрулло Бозоров Хитойнинг Бутунхитой саноат ва савдо федерацияси Туризм палатаси раиси Цзи Сяодун бошчилигидаги делегацияни қабул қилди.

Учрашувда аввалги музокаралар давомида эришилган келишувлар ижроси доирасида Фарғона вилоятида туризм соҳасида амалга оширилиши режалаштирилаётган йирик инвестиция лойиҳалари ҳақида сўз борди.

Самимий мулоқотда ҳамкорлик муносабатлари ўзаро манфаат, дўстлик ва ишонч тамойиллари асосида изчил ривожланиб бораётгани алоҳида таъкидланди. Ўзбекистонда, айниқса Фарғона вилоятида яратилган қулай инвестиция муҳити хитойлик инвестор ва тадбиркорларда катта қизиқиш уйғотаётгани алоҳида эътироф этилди. Хитой инвестицияларини вилоят иқтисодиётига янада фаол жалб этиш имкониятлари юзасидан фикр алмашилди.

Учрашувда халқаро талаблар ва замонавий стандартларга тўлиқ жавоб берадиган йирик “Ҳайвонот боғи”ни барпо этиш лойиҳаси тақдим этилди. Лойиҳанинг концепцияси, инфратузилмаси ҳамда туризм соҳасини ривожлантиришдаги аҳамияти юзасидан батафсил маълумот берилди.

Фарғона туманидаги Шоҳимардон ва Ёрдон ҳудудларининг туризм салоҳиятини янада юксалтиришга қаратилган истиқболли лойиҳаларни амалга ошириш, мазкур ҳудудларда туристик эркин иқтисодий зона ташкил этиш масалалари ҳам муҳокама қилинди.

Айниқса, қўшни Қирғизистон билан кун сайин ривожланиб бораётган ҳамкорлик муносабатлари мазкур ташаббусларнинг самарадорлиги ва истиқболини таъминлашда муҳим омил экани таъкидланди.
 
Учрашув давомида логистика, қурилиш материаллари ишлаб чиқариш бўйича ҳам муҳим лойиҳаларни амалга ошириш жараёнлари муҳокама қилинди.
 
Мавжуд туризм лойиҳаларини янада мукаммаллаштириш юзасидан таклифлар билдирилди.

Лойиҳаларни янада такомиллаштириш, уларнинг иқтисодий самарадорлигини ошириш ва инвестициявий жозибадорлигини кучайтириш чора-тадбирлари, бунда Хитой тажрибасидан мувафаққиятли фойдаланиш масалалари кўриб чиқилди.

Вилояти ҳокими Хайрулло Бозоров илгари сурилган ташаббусларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлашини билдирди. Келгусида ҳамкорликни йирик комплекс инвестиция лойиҳалари ва концепция механизмлари асосида изчил давом эттириш бўйича келишиб олинди.