Ўзбекистон Иқтисод Молия Технологиялар Маданият Спорт Туризм Дунё Media OutReach Newswire
Иқтисод

Наманган вилоятида Оқтепа конини ўзлаштириш жадаллаштирилади

UzDaily таҳририяти · 06.07.2026 · 15:45 · 24 views
Наманган вилоятида Оқтепа конини ўзлаштириш жадаллаштирилади

Наманган вилоятида Оқтепа конини ўзлаштириш жадаллаштирилади

Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Наманган вилояти ҳокими Шавкатжон Абдураззоқов Озарбайжон давлати билан ҳамкорликда амалга оширилаётган, "Great Fortune International" МЧЖ томонидан Оқтепа кумуш конини ўзлаштириш инвестиция лойиҳасида олиб борилаётган ишлар билан танишди.

Ўрганиш давомида лойиҳанинг бугунги кундаги бажарилиш ҳолати, қурилиш-монтаж ишларининг суръати, ишлаб чиқариш инфратузилмасини барпо этиш жараёнлари ҳамда келгуси режалар юзасидан масъулларнинг ахбороти тингланди.

Мазкур инвестиция лойиҳасининг умумий қиймати 50 миллион АҚШ долларини ташкил этади. Лойиҳа Поп туманининг Оқтепа участкасида амалга оширилмоқда. Кон тўлиқ ишга тушгач, йилига 700 минг тонна маъданни қайта ишлаш (суткасига 2 минг тонна) қуввати яратилади.

Шунингдек, лойиҳа доирасида 1000 та янги иш ўрни ташкил этилиши, ҳар йили 50 миллион АҚШ долларилик экспорт амалга оширилиши режалаштирилган. Бу эса ҳудуднинг экспорт салоҳиятини ошириш, саноат тармоғини диверсификация қилиш ва аҳоли бандлигини таъминлашда муҳим омил бўлади.

Вилоят раҳбари қурилиш ишларини белгиланган муддатларда ва юқори сифат билан якунлаш, муҳандислик-коммуникация тармоқларини тезкор барпо этиш, замонавий технологияларни кенг жорий этиш ҳамда инвестиция лойиҳасини амалий босқичга ўз вақтида олиб чиқиш муҳим вазифа эканини таъкидлади.

Мазкур лойиҳа Наманган вилоятининг саноат салоҳиятини янада юксалтириш, қимматбаҳо металлар захираларидан самарали фойдаланиш, экспорт ҳажмини кўпайтириш ва ҳудуд иқтисодиётига қўшимча туртки беришга хизмат қиладиган стратегик аҳамиятга эга инвестиция лойиҳаларидан бири ҳисобланади.