Иқтисод

Вашингтонда Ўзбекистон ва АҚШ транспорт логистикаси муҳокама қилинди

Вашингтонда Ўзбекистон ва АҚШ транспорт логистикаси муҳокама қилинди
Вашингтонда Ўзбекистон ва АҚШ транспорт логистикаси муҳокама қилинди  / Фото: IT Park Uzbekistan.

Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — 29 сентябрь куни Вашингтондаги Ўзбекистон элчихонасида биринчи Ўзбекистон–Америка транспорт-логистика форуми бўлиб ўтди. Унда транспорт ва логистика соҳасидаги ҳамкорликни кенгайтириш, сервис операцияларини ривожлантириш, шунингдек, бизнес хавфсизлиги ва операцион хатарларни бошқариш масалалари муҳокама қилинди.

Форум Ўзбекистон Рақамли технологиялар вазирлиги, IT Park Uzbekistan ва мамлакатнинг АҚШдаги элчихонаси иштирокида ташкил этилди.

Тадбирда Ўзбекистоннинг АҚШдаги элчиси Фурқат Сидиқов, IT Park Uzbekistan’нинг Шимолий Америкадаги ривожланиш бўйича директори Руслан Яппаров, IT Park Uzbekistan резидентлар билан ишлаш бўйича директори Лазизбек Худаев, элчихонанинг ички масалалар бўйича маслаҳатчиси Абдуҳалим Халилов, Zone-OH LLC бош директори Шерхонхўжа Имомхўжаев, Norbek & Partners LLC асосчи ҳамкори Сухроб Норбеков ҳамда ITF Group бош директори Саидазим Бурҳонхўжаев иштирок этди.

Умуман, форум транспорт-логистика соҳаси, бизнес, давлат органлари ва ҳуқуқни муҳофаза қилувчи тузилмаларнинг 65 нафардан ортиқ вакилини бирлаштирди.

Ўзбекистон сервис операциялари учун майдон сифатида

Учрашув давомида халқаро транспорт ва логистика компаниялари учун Ўзбекистоннинг имкониятлари, жумладан, амалдаги қўллаб-қувватлаш чоралари, кадрлар салоҳияти ва BPO хизматларини ривожлантириш учун яратилган шароитлар тақдим этилди.

Ўзбекистон компаниялари аллақачон АҚШнинг транспорт-логистика соҳасига хизмат кўрсатмоқда. Ҳамкорлик йўналишлари орасида диспетчерлик, бухгалтерия ҳисоби, автопаркни бошқариш ва кадрлар танлаш хизматлари бор.

IT Park Uzbekistan маълумотларига кўра, 550 дан ортиқ резидент компания АҚШ бозори билан ишлайди.

Хавфсизлик ва хатарларни бошқариш

Форумнинг алоҳида сессияси АҚШ транспорт-логистика соҳасида фаолият юритувчи компаниялар дуч келаётган муаммоларга бағишланди. Иштирокчилар фирибгарликка қарши курашиш, бизнесни ҳимоя қилиш, ҳодисаларга жавоб қайтариш, шунингдек, компанияларнинг давлат ва ҳуқуқни муҳофаза қилувчи тузилмалар билан ҳамкорлиги масалаларини кўриб чиқди.

Муҳокамалар амалий тажриба алмашиш ва Америка бозорида фаолият юритишда операцион хатарларни камайтириш бўйича ечимларни излашга қаратилди.

Zero Risk дастури

Иштирокчиларга халқаро компанияларнинг Ўзбекистонда фаолиятини бошлаши ва кенгайтиришини қўллаб-қувватлашга мўлжалланган Zero Risk дастури ҳам тақдим этилди.

Дастур офис инфратузилмаси ва жиҳозлар билан таъминлаш, мутахассисларни тайёрлаш ва жалб этиш, шунингдек, иш ҳақи харажатларининг бир қисмини қоплаш бўйича ёрдам кўрсатишни назарда тутади.

Биринчи Ўзбекистон–Америка транспорт-логистика форумининг ўтказилиши икки мамлакат соҳавий вакилларининг тўғридан-тўғри ҳамкорлик қилиши учун майдон яратди. Муҳокамалар марказида ҳамкорликнинг амалий йўналишлари, жумладан, АҚШ бозорида ишлайдиган компанияларга Ўзбекистонда BPO ва бошқа сервис хизматларини кўрсатишни ривожлантириш масалалари турди.

 

Дилафруз Ниязова
Дилафруз Ниязова

Дилафруз Ниязова 2025 йилдан буён UzDaily жамоасида фаолият юритиб, нашрнинг ўзбек тилидаги версияси учун масъулдир.