“UzCard“ I чоракда фойдасини 42%га оширди
“UzCard“ I чоракда фойдасини 42%га оширди
Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — “Ягона умумреспублика процессинг маркази“ АЖ (“UzCard“ тўлов тизими)нинг 2026 йилнинг I чорагидаги (аудитланмаган МҲХС) соф фойдаси 437,4 млрд сўмни ташкил этди, бу 2025 йилнинг мос даврига нисбатан 42,2%га кўпдир.
Шу билан бирга, жамият 25 май куни акциядорларнинг навбатдан ташқари умумий йиғилиши ўтказилишини маълум қилди. Унда учта масала, жумладан И чорак якунлари бўйича фойдани ҳамда ўтган йиллардаги тақсимланмаган фойдани тақсимлаш масалалари кўриб чиқилади.
Кузатув кенгаши ҳар бир акция учун 13 300 сўмдан дивиденд тўлашни тавсия этди. Дивиденд тўловларининг умумий ҳажми 665,0 млрд сўмни ($55,0 млн) ташкил қилади.
2022 йил октябрь ойида “UzCard“даги илгари беш давлат банкига тегишли бўлган 75% давлат улуши компаниянинг тўрт нафар жисмоний шахсга — жами 25% улушга эга бўлган акциядорларга сотилган эди.
Давлат улуши ўша пайтда 210,1 млрд сўмга сотилган эди. Шу тариқа, тўлов тизими тахминан 280 млрд сўмга (2022 йил октябрь ойидаги курс бўйича $25,2 млн) баҳоланганди.