Иқтисод

Украина ва Ўзбекистон юк ташиш учун рухсатнома талабларини бекор қилишди

Украина ва Ўзбекистон юк ташиш учун рухсатнома талабларини бекор қилишди
Украина ва Ўзбекистон юк ташиш учун рухсатнома талабларини бекор қилишди / Фото: Видеодан олинган кадр.

Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Украина ва Ўзбекистон икки томонлама ҳамда транзит юк ташишни либераллаштириш тўғрисида протокол имзолади. Ҳужжат украиналик юк ташувчиларнинг рухсатномаларсиз ишлашини назарда тутади.

Протоколни Украина тикланиш, инфратузилма ва транспорт вазири Николай Калашник ҳамда Ўзбекистон транспорт вазири Илҳом Маҳкамов имзолади.

Калашникнинг сўзларига кўра, рухсатномасиз тизимга ўтиш украиналик ташувчилар учун маъмурий тартиб-таомиллар ва вақт сарфини қисқартиради. Бундай ташувларни амалга ошириш энди мавжуд рухсатномалар сони билан чекланмайди.

Қарор Украина ва Марказий Осиё ўртасидаги анъанавий логистика йўналишлари ўзгараётган бир шароитда қабул қилинди. Украина вазири таъкидлаганидек, Киев муқобил йўналишларни ривожлантириш ва бизнес учун ташиш шартларини соддалаштириш устида ишламоқда.

2025 йилда Украина ва Ўзбекистон ўртасидаги товар айланмаси қарийб 315 млн долларни ташкил этиб, бир йил аввалги кўрсаткичга нисбатан 14 фоизга ошди. Украина томонининг баҳолашича, автомобиль ташувларини соддалаштириш икки давлат ўртасидаги савдони ривожлантириш учун қўшимча имкониятлар яратади.

Украина «транспорт визасизлиги» деб аталувчи тизим географиясини изчил кенгайтирмоқда. Калашникнинг сўзларига кўра, ҳозирда 38 та давлат, жумладан, Европа Иттифоқи мамлакатлари билан рухсатномасиз юк ташиш тизими амал қилмоқда.

Украина вазири Ўзбекистон томонига ва шахсан Илҳом Маҳкамовга ташувчилар фаолиятини соддалаштириш ҳамда икки давлат ўртасидаги ишбилармонлик алоқаларини ривожлантиришга қаратилган қарорни қабул қилиш ва ҳамкорлик учун миннатдорлик билдирди.

 

Дилафруз Ниязова
Дилафруз Ниязова

Дилафруз Ниязова 2025 йилдан буён UzDaily жамоасида фаолият юритиб, нашрнинг ўзбек тилидаги версияси учун масъулдир.