Тошкентнинг янги панорамалари нотаниш йўналишни олдиндан ўрганишга ёрдам беради
Тошкентнинг янги панорамалари нотаниш йўналишни олдиндан ўрганишга ёрдам беради
Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Yandex Maps хизматида Тошкент панорамалари кенг кўламда янгиланди: суратга олиш жараёнида махсус панорамомобил шаҳар кўчалари ва йўллари бўйлаб 3400 километр масофани босиб ўтди ҳамда қарийб 130 мингта панорама тайёрланди. Суратга олиш ишлари Тошкент шаҳар ҳокимлиги кўмагида амалга оширилди. Янгиланган тасвирлар фойдаланувчиларга нотаниш йўналишни олдиндан ўрганиш, бинонинг керакли кириш жойини топиш ёки таниш кўча ва маҳаллалар қандай ўзгарганини кўриш имконини беради.
Энди Yandex Maps орқали шаҳарнинг диққатга сазовор жойлари ва жамоат масканларининг янгиланган панорамаларини кўриш мумкин. Улар қаторида «Янги Ўзбекистон» боғи, Magic City кўнгилочар мажмуаси, Tashkent City Mall савдо маркази ва Олимпия шаҳарчаси бор. Шунингдек, Амир Темур шоҳкўчаси, Шота Руставели, Бобур, Фурқат ҳамда бошқа кўчаларнинг панорамалари ҳам янгиланди.
«Рақамли инфратузилмани изчил ривожлантириш Тошкент шаҳар муҳити сифатини оширишга қаратилган ишларимизнинг муҳим йўналишларидан бири ҳисобланади. Долзарб панорама тасвирлари шаҳарда юз бераётган ўзгаришларни, жумладан янги инфратузилма объектлари барпо этилиши ва йўл-транспорт тармоғи ривожланишини аниқ акс эттириш имконини беради. Yandex Uzbekistan билан ҳамкорликда амалга оширилаётган мазкур лойиҳа шаҳар ҳақидаги маълумотлардан фойдаланиш имкониятларини кенгайтиради, пойтахт аҳолиси ва меҳмонлари учун навигацияни янада қулайлаштиради ҳамда шаҳар хизматларига замонавий технологияларни жорий этишга хизмат қилади», — деди Тошкент шаҳар ҳокими ўринбосари Абдураҳмон Абдурашитович Бахтиев.
Панорамалар орқали фойдаланувчилар керакли жойни олдиндан кўриб чиқиши мумкин: бинонинг кириш қисми қаерда жойлашганини аниқлаш, ташкилот манзилини топиш, яқин атрофдаги мўлжалларни кўриш ёки йўналишдаги вазиятни баҳолаш мумкин. Шунингдек, улар ёрдамида Тошкент бўйлаб виртуал сайр қилиш ҳам мумкин — Амир Темур майдони ва Мустақиллик майдони бўйлаб «сайр қилиш», Тошкент телеминораси, Чорсу бозори, Ҳазрати Имом мажмуаси ёки Минор масжидини томоша қилиш мумкин.
«Панорамага суратга олиш нафақат шаҳарни виртуал тарзда кўриш имкони, балки рақамли харита учун долзарб маълумотларнинг муҳим манбаи ҳамдир. Компьютерли кўриш технологиялари ёрдамида биз йўл белгилари, йўл чизиқлари, светофорлар ва шаҳар инфратузилмасининг бошқа элементларини таҳлил қиламиз. Бу эса Yandex Maps хизматидаги маълумотларни ўз вақтида янгилаш имконини беради. Натижада ҳайдовчилар ва пиёдалар учун навигация аниқлиги ошади, Тошкент бўйлаб кундалик ҳаракатланиш янада қулай ва башорат қилинадиган бўлади», — деди Yandex Uzbekistan стратегик ривожланиш бўйича вице-президенти Сардор Қодиров.
Панорамаларни смартфонда кўриш учун асосий экраннинг юқори ўнг бурчагидаги икки квадрат шаклидаги белги босилади. Сўнг «Панорамалар» қатлами танланади ва харитада кўк чизиқлар пайдо бўлади. Улардан исталганини босиш орқали танланган жойни ҳар томонлама кўриш мумкин.