Тошкентда Ўзбекистон ва Корея илмий лойиҳалари якунланди
Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Тошкентда Ўзбекистон ва Жанубий Корея ўртасидаги қўшма илмий-тадқиқот лойиҳаларига бағишланган Final Review Workshop якуний семинари бўлиб ўтди. Лойиҳалар Корея халқаро ҳамкорлик агентлиги (KOICA) кўмагида Корея кимёвий технологиялар илмий-тадқиқот институти (KRICT) билан ҳамкорликда амалга оширилган. Бу ҳақда «Ўзкимёсаноат» АЖ хабар берди.
Тадбирда KRICT раҳбарияти ва илмий ходимлари, кореялик экспертлар, қўшма тадқиқотларда иштирок этган Ўзбекистон томони вакиллари, шунингдек, «Ўзкимёсаноат» АЖ мутахассислари қатнашди.
Семинарнинг асосий вазифаси қўшма илмий-тадқиқот ишлари натижаларини сарҳисоб қилиш, эришилган натижаларни баҳолаш ҳамда Ўзбекистон ва Жанубий Корея ўртасидаги илмий-технологик ҳамкорликнинг кейинги истиқболларини муҳокама қилишдан иборат бўлди.
Тадбир давомида R&D соҳасидаги иккита қўшма лойиҳа натижалари тақдим этилди. Презентациялар доирасида томонлар ўтказилган илмий тадқиқотлар натижаларини кўриб чиқди, тажриба алмашди ва ишлаб чиқилган технологияларни амалиётга жорий этиш имкониятларини муҳокама қилди.
Семинар якунида умумий муҳокама ўтказилиб, иштирокчилар тақдим этилган ишлар натижаларини сарҳисоб қилди ва ҳамкорликни янада ривожлантириш истиқболларини муҳокама қилди.