Ўзбекистон Иқтисод Молия Технологиялар Маданият Спорт Туризм Дунё Media OutReach Newswire
O'z Ўз Ру En
Ўзбекистон

Тошкентда ноқонуний ишга жойлаштиришда гумонланган менежер ушланди

Дилафруз Ниязова · 03.09.2026 · 21:30 · 24 views
Тошкентда ноқонуний ишга жойлаштиришда гумонланган менежер ушланди
Тошкентда ноқонуний ишга жойлаштиришда гумонланган менежер ушланди / Фото: UzDaily.

Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Тошкент шаҳрининг Чилонзор туманида туристик фирма менежери Ўзбекистон фуқаросини Словакияда ноқонуний равишда ишга жойлаштиришга кўмаклашганликда гумонланиб ушланди. Бу ҳақда Ўзбекистон Давлат хавфсизлик хизмати хабар берди.

Тезкор тадбир Тошкент шаҳри бўйича ДХХ бошқармаси ходимлари томонидан Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш департаменти билан ҳамкорликда ўтказилди.

ДХХ маълумотларига кўра, ушланган шахс фуқароларни хорижда ишга жойлаштириш билан шуғулланиш ҳуқуқига эга бўлмаган маҳаллий туристик компанияда менежер бўлиб ишлаган. Эркак пул маблағларининг бир қисмини олаётган вақтида ашёвий далиллар билан ушланган.

Аниқланишича, менежер Самарқанд вилоятида яшовчи фуқародан Словакияда ишга жойлашиш ва виза расмийлаштиришда кўмаклашиш эвазига 3 минг доллар ва 2,5 млн сўм талаб қилган.

У 1 минг доллар ва 2,5 млн сўмни олаётган вақтида ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар ходимлари томонидан ушланган.

Ушланган шахсга нисбатан жиноят иши қўзғатилди. Тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.

ДХХ фуқароларни қонунбузарликларнинг бундай ҳолатлари ҳақида 1520 қисқа рақами орқали хабар беришга чақирди. Идора маълум қилишича, хабар берувчиларнинг шахси махфийлиги кафолатланади.