Тошкентда минтақавий алоқалар ва инвестицияларни рағбатлантириш масалалари муҳокама қилинди
Тошкентда минтақавий алоқалар ва инвестицияларни рағбатлантириш масалалари муҳокама қилинди
Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Жорий йилнинг 29 июнь куни Тошкент шаҳрида Халқаро валюта жамғармаси ва Жаҳон банки “Швейцария гуруҳи”нинг навбатдаги йиғилиши доирасида “Ўзаро боғлиқлик: минтақавий ҳамкорлик, хусусий сектор инвестициялари ва очиқ савдо” мавзусида юқори даражадаги семинар бўлиб ўтди.
Унда Ўзбекистон Республикаси Бош вазири ўринбосари — Иқтисодиёт ва молия вазири Жамшид Қўчқоров ҳамда Жаҳон банкининг Европа ва Марказий Осиё бўйича вице-президенти Антонелла Бассани асосий маърузалар билан иштирок этди.
Тадбирга Жаҳон банкининг Марказий Осиё бўйича минтақавий директори Нажи Бенҳассин модераторлик қилди. Шунингдек, панель муҳокамасида Лихтенштейн Князлиги Бош вазири Бригитта Ҳаас, Швейцария Конфедерациясининг халқаро молия бўйича давлат котиби Пиетро Лаззери, Тожикистон Республикаси Молия вазири Файзиддин Қаҳҳорзода, Полша Республикаси давлат котиби ўринбосари Журанд Дроп ҳамда Халқаро молия корпорациясининг Туркия, Қозоғистон ва Ўзбекистон бўйича директори Лиза Кестнер сўзга чиқди.
Таъкидланганидек, бугунги глобал иқтисодий шароитда минтақавий ҳамкорлик иқтисодий ўсиш, барқарорлик ва рақобатбардошликни оширишнинг муҳим омилларидан бири ҳисобланади. Айниқса, транспорт ва логистика йўналишларини диверсификация қилиш, савдо харажатларини камайтириш ҳамда қўшни мамлакатлар билан иқтисодий интеграцияни чуқурлаштириш алоҳида аҳамиятга эга.
Шундан келиб чиқиб панель сессияси минтақавий боғлиқликни мустаҳкамлаш, рақамли инфратузилма, энергетика, транспорт ва савдо йўлакларини ривожлантириш, шунингдек, хусусий сектор инвестицияларини жалб этиш масалаларига бағишланди. Тадбир давомида минтақавий иқтисодий интеграцияни чуқурлаштириш, транспорт, энергетика, логистика ва рақамли инфратузилма соҳаларида трансчегаравий ҳамкорликни ривожлантириш масалалари муҳокама қилинди.
Семинарда Ўзбекистоннинг Жаҳон савдо ташкилотига аъзо бўлиш йўлида олиб бораётган изчил саъй-ҳаракатлари мамлакатнинг халқаро савдо тизимига интеграциялашуви, миллий қонунчилик ва тартибга солиш механизмларини халқаро стандартларга мослаштириш, инвесторлар учун очиқ ва башорат қилинадиган муҳит яратиш борасидаги муҳим қадам сифатида баҳоланди.
Шунингдек, инфратузилма ва ўзаро боғлиқлик лойиҳаларига хусусий инвестицияларни жалб этиш, давлат-хусусий шериклик, кафолатлар ва аралаш молиялаштириш механизмларидан самарали фойдаланиш, савдо харажатларини камайтириш, божхона жараёнларини модернизация қилиш ҳамда тартибга солиш механизмларини уйғунлаштиришга алоҳида эътибор қаратилди. Муҳокамаларда Жаҳон банки гуруҳи, Халқаро валюта жамғармаси ва бошқа халқаро молия институтларининг минтақавий боғлиқлик ташаббусларини қўллаб-қувватлашдаги роли ҳам кўриб чиқилди.
Муҳокамалар якунида минтақавий ҳамкорликни мустаҳкамлаш, устувор инфратузилма лойиҳаларига давлат ва хусусий инвестицияларни сафарбар этиш, очиқ ва қоидаларга асосланган савдони ривожлантириш бўйича амалий тавсиялар ишлаб чиқиш зарурлиги қайд этилди.
Тадбир иштирокчилари ўзаро боғлиқлик, инвестициялар ва очиқ савдо минтақада барқарор иқтисодий ўсиш, янги имкониятлар яратиш ҳамда аҳоли фаровонлигини оширишда муҳим омил бўлиб хизмат қилишини таъкидлади.