Тошкентда электр тармоқларида коррупция тўхтатилди
Тошкентда электр тармоқларида коррупция тўхтатилди
Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Тошкент шаҳар туманларидан бирида электр тармоқлари корхонасининг икки нафар муҳандиси томонидан амалга оширилган ноқонуний фаолиятга чек қўйилди. Ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар маълумотига кўра, улар жарима санкцияларини юмшатиш эвазига пул талаб қилишга уринган.
Текширув давомида аниқланишича, мутахассислар тижорат банки филиали жойлашган бинода электр энергияси ҳисоблагичининг уланиш схемаси бузилгани ҳақида далолатнома расмийлаштирган. Уларнинг хулосасига кўра, электр энергияси истеъмоли ҳисоб-китоби қонунбузилишлар билан амалга оширилган.
Далолатнома расмийлаштирилгандан сўнг муҳандислар ҳисоблагич эгаси бўлган МЧЖ раҳбаридан 8 минг АҚШ доллари талаб қилган. Бу маблағ эвазига улар ҳисобланган 400 миллион сўмлик жаримани 65 миллион сўмгача камайтиришга ёрдам беришни ваъда қилган.
Ноқонуний ҳаракатлар Давлат хавфсизлик хизмати Тошкент вилояти бошқармаси ходимлари томонидан Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш департаменти билан ҳамкорликда ўтказилган тезкор тадбир давомида, воситачи орқали пул маблағлари олинаётган пайтда фош этилди.
Мазкур ҳолат юзасидан жиноят иши қўзғатилган бўлиб, тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.