Тошкентда Бродвей ва марказий кўчалар янгиланади

Тошкентда Бродвей ва марказий кўчалар янгиланади

Тошкентда Бродвей ва марказий кўчалар янгиланади

Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Тошкент шаҳар ҳокимияти шаҳар марказий қисмида комплекс ривожлантириш ишларини амалга ошириш режасини эълон қилди. Лойиҳа пиёдалар инфратузилмасини модернизация қилиш ва хавфсиз жамоат маконларини шакллантиришга қаратилган. У Сайилгоҳ кўчаси, яъни Бродвей, унга туташ сквер, яшил ҳудудлар ва пиёда йўлакларини қамраб олади.

Шаҳар маъмурияти маълумотига кўра, мазкур ҳудуд пойтахтнинг энг машҳур сайргоҳларидан бири бўлиб, у ерда анъанавий равишда рассомлар, мусиқачилар ва шаҳар аҳолисининг фаол кўча ҳаёти мужассамлашган.

Пиёдалар оқимининг юқори эканлигини инобатга олган ҳолда, ушбу ҳудудни тартибга солиш ва барқарор ривожлантиришга қаратилган замонавий ечимлар жорий этилиши режалаштирилган.

Лойиҳа доирасида йўл ва тротуар қопламаларини янгилаш, пиёда йўлакларини яхшилаш ва тўсиқсиз муҳит яратиш кўзда тутилган. Шунингдек, Бродвей ва атроф ҳудудларни ободонлаштириш, кўкаламзорлаштириш ва суғориш тизимини ривожлантириш, ўриндиқлар, чиқиндилар учун идишлар, ёритиш тизими ва кичик меъморий шаклларни ўрнатиш, шунингдек фаввораларни реконструкция қилиш режалаштирилган.

Алоҳида эътибор ягона дизайн-код асосида реклама ва лавҳаларни тартибга солиш, ноқонуний объектларни бузиб ташлаш ҳамда савдо фаолиятини белгиланган талабларга мувофиқлаштиришга қаратилади. Лойиҳа доирасида жамоат жойларида видеокузатув ва мониторинг тизимларини жорий этиш ҳам кўзда тутилган.

Ҳокимият таъкидлашича, концепцияни ишлаб чиқишда аҳоли ва профессионал жамоа таклифлари инобатга олинади. Шу билан бирга, очиқ шаҳар муҳити хусусияти ва ижодкор касб эгаларининг мавжудлиги сақлаб қолиниб, улар фаолияти янгиланган ҳудудга интеграция қилинади.

Мавжуд яшил дарахтлар мутахассислар томонидан ўрганиб чиқилмоқда. Шу билан бирга, камида 1000 та янги дарахт, буталар ва декоратив ўсимликлар экиш режалаштирилган.

 

Энг сўнгги янгиликлардан хабардор бўлинг
Телеграм каналимизга обуна бўлинг