Тошкент вилояти Италиядаги FAO билан лойиҳаларни муҳокама қилди

Тошкент вилояти Италиядаги FAO билан лойиҳаларни муҳокама қилди

Тошкент вилояти Италиядаги FAO билан лойиҳаларни муҳокама қилди

Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Айни дамда амалий сафар билан Италияда бўлиб турган вилоят ҳокими Зойир Мирзаев раҳбарлигидаги делегация ташриф доирасида Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг Озиқ-овқат ва қишлоқ хўжалиги ташкилоти (FAO) Бош қароргоҳида бўлиб, ташкилотнинг Бош директори биринчи ўринбосари Мауризио Мартина билан учрашув ўтказди.

Учрашув очиқ мулоқот, ўзаро ҳурмат ва англаш руҳида кечди.

Суҳбат аввалида томонлар Ўзбекистон ва Италия ўртасидаги дўстона муносабатлар, айниқса, савдо-иқтисодий ва аграр соҳалардаги алоқалар изчил ривожланиб бораётганини алоҳида таъкидладилар.

Тошкент вилояти ҳокими самимий қабул ва мулоқот учун миннатдорлик билдириб, бугунги кунда Ўзбекистонда, хусусан, Тошкент вилоятида қишлоқ хўжалигини модернизация қилиш, озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлаш ҳамда ресурс тежамкор ёндашувларни кенг жорий этиш давлат сиёсати даражасидаги устувор вазифалардан бири эканини қайд этди.

Шу нуқтаи назардан, мазкур нуфузли ташкилот билан ҳамкорликда сув тежовчи технологияларни жорий этиш, иқлим ўзгаришига мос қишлоқ хўжалиги ечимлари, ветеринария ва фитосанитария йўналишидаги илғор тажрибаларни алмашиш, шунингдек, ташкилотнинг фермерлар ва мутахассислар учун малака ошириш дастурлари Тошкент вилояти учун алоҳида аҳамият касб этиши таъкидланди.

Маълумки, FAO — БМТнинг қишлоқ хўжалиги, озиқ-овқат хавфсизлиги ва барқарор ривожланиш соҳасидаги энг йирик халқаро тузилмаси бўлиб, аграр соҳада ислоҳотлар ва инвестисиявий лойиҳалар учун муҳим ҳамкор ҳисобланади.

2025 йилда Ўзбекистон ўз тарихида биринчи марта ушбу нуфузли орган таркибига бир овоздан сайланган.

Мулоқот давомида Тошкент вилояти учун истиқболли ҳисобланган интенсив қишлоқ хўжалигини ривожлантириш, агрологистика тизимини такомиллаштириш, агромаҳсулотларни чуқур қайта ишлаш, сув тежовчи технологияларни кенг жорий этиш, иқлим ўзгаришига мос агротехнологияларни татбиқ этиш ҳамда фермерлар малакасини ошириш каби йўналишларда ҳамкорликни йўлга қўйиш масалалари юзасидан фикр алмашилди.

Томонлар Тошкент вилоятида ушбу ташкилот билан ҳамкорликда пилот лойиҳалар ва инновасион дастурларни амалга ошириш, халқаро тажрибани амалиётга кенг татбиқ этишдан ўзаро манфаатдор эканликларини билдирдилар.

Учрашув якунида бу мулоқот қишлоқ хўжалиги, озиқ-овқат хавфсизлиги ва барқарор ривожланиш соҳаларидаги ҳамкорликни янги босқичга олиб чиқишига ишонч билдирилди.

Энг сўнгги янгиликлардан хабардор бўлинг
Телеграм каналимизга обуна бўлинг