Сенатда АҚШ Давлат департаменти вакили билан учрашув бўлиб ўтди
Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Олий Мажлис Сенати Раисининг биринчи ўринбосари Содиқ Сафоев АҚШ Давлат котибининг Жанубий ва Марказий Осиё ишлари бўйича ёрдамчиси Самир Пол Капур билан учрашди.
Мулоқот чоғида Ўзбекистон ва АҚШ ўртасидаги муносабатларнинг бугунги ҳолати ва истиқболлари юзасидан фикр алмашилди.
Суҳбат чоғида сўнгги йилларда икки мамлакат ўртасидаги шериклик сифат жиҳатидан янги босқичга кўтарилгани қайд этилди. Ўзаро манфаатли ҳамкорликни янада мустаҳкамлаш учун мавжуд имкониятлардан самарали фойдаланиш муҳимлиги таъкидланди.
Самир Пол Капур Ўзбекистонда амалга оширилаётган кенг кўламли иқтисодий ислоҳотларни, шунингдек, Марказий Осиёда яхши қўшничилик, ўзаро ишонч ва минтақавий ҳамкорликни мустаҳкамлашга қаратилган сиёсатни юқори баҳолади.
Учрашув давомида АҚШ делегациясига Ўзбекистон Олий Мажлисининг фаолияти, парламентнинг давлат ва жамият ҳаётидаги ўрни, шунингдек, амалга оширилаётган ислоҳотларни ҳуқуқий жиҳатдан таъминлаш борасидаги ишлар ҳақида умумий маълумот берилди.