Ўзбекистон Иқтисод Молия Технологиялар Маданият Спорт Туризм Дунё Media OutReach Newswire
Иқтисод

Тошкент ва Аммон ўртасида тўғридан-тўғри авиарейслар йўлга қўйилмоқда

UzDaily таҳририяти · 29.06.2026 · 16:20 · 27 views
Тошкент ва Аммон ўртасида тўғридан-тўғри авиарейслар йўлга қўйилмоқда

Тошкент ва Аммон ўртасида тўғридан-тўғри авиарейслар йўлга қўйилмоқда

Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Иорданияда Тошкент ва Аммон шаҳарлари ўртасида мунтазам тўғридан-тўғри авиақатновларнинг бошланиши муносабати билан Ўзбекистондаги сайёҳлик имкониятларига бағишланган тақдимот бўлиб ўтди, деб хабар бермоқда “Дунё” АА мухбири.

Тадбирда Иордания туризм соҳаси вакиллари, етакчи туроператорлар, меҳмонхона бизнеси раҳбарлари ҳамда “Royal Jordanian Airlines” авиакомпанияси мутасаддилари иштирок этди.

Анжуман давомида қатнашчиларга Ўзбекистоннинг бой тарихий-маданий мероси, ЮНЕСКОнинг Бутунжаҳон мероси рўйхатига киритилган ноёб меъморий обидалари, Самарқанд, Бухоро, Хива ва Шаҳрисабз каби тарихий шаҳарлар бўйлаб машҳур сайёҳлик йўналишлари ҳақида маълумот берилди. Меҳмонлар юртимизда экологик, гастрономик, тиббий ва ишбилармонлик туризмини ривожлантириш борасида яратилган замонавий имкониятлар билан яқиндан танишди.

Ўзбекистоннинг зиёрат туризми салоҳияти Иордания томонида катта қизиқиш уйғотди. Диёримиздан етишиб чиққан улуғ ислом уламолари ва мутафаккирларининг бой мероси, муқаддас қадамжолар ҳамда хорижлик зиёратчилар учун яратилаётган қулай шарт-шароитлар хусусида ҳам тўхталиб ўтилди.

Янги ҳаво йўналишининг очилиши Ўзбекистон ва Иордания ўртасидаги сайёҳлик, ишбилармонлик ва гуманитар алоқаларни янги босқичга кўтариш ҳамда ўзаро сайёҳлар оқимини сезиларли даражада оширишга хизмат қилиши кутилмоқда.

“Royal Jordanian Airlines” авиакомпаниясининг илк мунтазам тўғридан-тўғри парвози жорий йилнинг 30 июнь кунига режалаштирилган. Жадвалга мувофиқ, RJ196 рейси Аммон халқаро аэропортидан маҳаллий вақт билан соат 22:50 да парвоз қилиб, кейинги куни соат 05:25 да Тошкент халқаро аэропортига қўнади.

Икки пойтахтни боғлайдиган янги ҳаво кўприги мамлакатлар ўртасидаги масофа ва вақтни сезиларли даражада қисқартириб, туризм, савдо, инвестиция ва маданий-гуманитар соҳалардаги ҳамкорликни кенгайтириш учун кенг имкониятлар яратади.