“Тошкент тўй оши” географик кўрсаткич сифатида давлат рўйхатидан ўтказилди
“Тошкент тўй оши” географик кўрсаткич сифатида давлат рўйхатидан ўтказилди
Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Тошкент шаҳри ва Тошкент вилоятига хос бўлган, ўзбек пазандачилик санъатининг дурдонаси ҳисобланган “Тошкент тўй оши” географик кўрсаткич сифатида давлат рўйхатидан ўтказилди.
Тарих ва технология: Тарихий ва этнографик манбаларга кўра, Тошкент воҳасида палов тайёрлаш маданияти асрлар давомида шаклланган. Тўй оши — бу шунчаки таом эмас, балки кимё, физика ва биология қонуниятлари мужассам бўлган мураккаб жараён бўлиб, асосан тонг саҳарда яримсфера шаклидаги қалин деворли чўян қозонларда пиширилади.
Ҳуқуқий ҳимоя ва сифат: Мазкур мақом “Тошкент тўй оши” номи ва анъанавий тайёрлаш технологиясини ҳуқуқий жиҳатдан ҳимоя қилади ҳамда маҳсулот сифатининг давлат меъёрларига мувофиқлигини кафолатлайди.
“Тошкент тўй оши” — аждодлар мероси, миллий қадриятлар ва халқ руҳининг ёрқин ифодаси бўлиб, бугун гастрономик туризмни ривожлантириш ҳамда миллий брендни халқаро миқёсда тарғиб этишда муҳим аҳамият касб этмоқда.
Географик кўрсаткич — маҳсулотнинг муайян ҳудудга мансублигини ва унинг ўзига хос хусусиятлари айнан шу ҳудуд билан боғлиқлигини тасдиқловчи интеллектуал мулк объектидир.